Гулнора Каримова

Халқаро ОАВ бозори ва Марказий Осиё ахборот майдони истиқболлари

Бугунги кунда инсоният информацион ва коммуникацион технологиялар белгилаб берган йўлдан юриб, ушбу жараёнга турли социумларнинг кўпдан-кўп вакилларини жалб қилмоқда. Ушбу ҳолатни кўпгина мутахассислар “XXI аср бошқотирмаси” сифатида баҳоламоқда.

ЮНЕСКО ушбу дилемманинг кўпгина муаммоли савол ва вазиятларидан чиқиш йўлини кўрсатувчи ўз методологиясини таклиф қилмоқда. ЮНЕСКО нуқтаи назари “Умумдунё ахборот жамияти эмас, билим жамияти” концепциясини илгари сурмоқда. ОАВ бозорини шунчаки кенгайтириш уни мақсадга мувофиқ ва бошқарилишга мойил қилиб қўймайди, контрагентлар қарама-қаршилигини пасайтирмайди. Шу боисдан ЮНЕСКО амал қилиниши ахборот сиёсати, менежмент ва бозор соҳасида банд барча учун таалуқли бўлган қуйидаги тўрт принципни ифодалаб берди:

  • Маданий ва лисоний ранг-баранглик;
  • Таълим олишда тенг ҳуқуқлилик;
  • Умумий ахборот олиш ҳуқуқи;
  • Сўз эркинлиги.

Бизнингча, медиа-майдон ва медиа-хизматлар бозорини шакллантириш бўйича юқоридаги методология асосидаги таклифлар, айниқса, Марказий Осиё минтақаси учун жуда маъқул ва мақсадга мувофиқдир. Бугун, XXI асрда, ОАВ хизматларига асосланган халқаро бозор сегменти нафақат кенг ва тез ўзгарувчан, балки техник томонлама ва бошқа жиҳатлардан энг қийини ҳамдир.

Қийинчилик маҳсулот тайёрлашда, шунингдек, уни тарқатишда намоён бўлади, негаки биз кўпинча воқеа-ҳодисалар моҳиятини тушуниш ва қабул қилишнинг ўзига хос анъанасига эга муайян алоҳида шахс ёки ижтимоий гуруҳ, мамлакат, минтақанинг руҳий, маърифий, ахлоқий, ҳуқуқий ва ниҳоят, иқтисодий даражасига боғлиқ бўлган чинакам эҳтиёжни билмаймиз.

ОАВ бозори, биринчидан, ташқаридан намоён бўлувчи параметрлари, иккинчидан эса, фундаментализм ва янги ғоялар орасидаги қарама-қаршиликлар асосига қурилган чуқур жараёнлар билан характерланади. Айнан мана шу қарама-қаршилик ҳар лаҳзада “ишлаб чиқарувчи-истеъмолчи” тизимидаги мувозанатни ўзгартириб ва ҳатто бузиб юбориши мумкин. Рақобатнинг маданий меъёрларининг бузилиши очиқ зиддиятни келтириб чиқаради.

Маълумки, медиа бозорнинг ташқи параметрлари қуйидагилардир:

  • Турли ахборот маҳсулотларини тарқатишнинг техник воситалари: босма, телерадиоузатиш, интернет, ахборот етказишнинг индивидуал воситалари ва ҳ.к;
  • Техник воситаларни ўзлаштиришнинг кадр имкониятлари;
  • Интеллектуал пландаги кадрлар.

Давлатлар ва хусусий компаниялар тўла ҳажмдаги (ривожланган мамлакатларда); қисқартирилган ҳажмдаги (янги бозор иқтисодиёти шароитидаги давлатлар, МО давлатлари ҳам шулар ичида); чекланган ҳажмдаги (молиялаштиришдаги чекланиш) техник воситалар ва кадрларга эга бўлиши мумкин.

Шу ердан ОАВ бозорининг биринчи муаммоси келиб чиқади:

  • Тенг бошланғич имкониятларнинг мавжуд эмаслиги, демакки, медиа бозордаги нотенг рақобат.

Қуйидаги параметрлар эса анча ичкарида туради:

  • Бозордаги рақобат жараёнининг идеологик таъминоти, яъни фактларга асосланмаган ҳолда, ўзига хос хусусиятлари батафсил ўрганилмасдан гўёки маҳсулотнинг яроқсизлиги эълон қилинади;
  • Информация ва дезинформациянинг ўзаро нисбати;
  • У ёки бу ахборотнинг турли халқлар социуми томонидан қабул қилиниши;
  • Рақобатлашаётган ахборот тизимларининг молиявий имкониятлари;
  • Ва ниҳоят, турли мамлакат ва халқлар тараққиёти идеологиясининг қарама-қаршилик даражаси.

Демак, медиа бозорнинг барча ўзига хосликлари жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини, кейин эса ўзаро тушунишга асосланган хатти-ҳаракатлар қонун-қоидаларини шакллантиришни талаб қилади, негаки бизнинг замонамизда муносабатларимиз характерини ўзгартириб, ҳарбий-конфронтацион идеологиядан консенсус идеологияга ўтиш мақсадга мувофиқ.

Информация – дезинформация, ҳақиқат ва ёлғон, демократия – антидемократлик сингари асосий тушунчаларнинг қарама-қаршилиги принципига асосланган бугунги ўзаро таъсир тенденциясига эътиборингизни қаратинг. Бир сўз билан айтганда, фаол душман қидириш жараёни бормоқда, бу эса ҳақиқатнинг бузилишидир. Медиа бозорнинг бош принципи қандай воситалар билан бўлмасин, бегона ахборот маҳсулотини йўқ қилиш бўлиб қолди, бу ўринда эса “мақсад воситаларни оқлайди”, воситаларнинг ўзи ҳам ушбу ўзига хос халқаро бозорда маҳсулот вазифасини бажаради.

Маълум маънода бу ҳолат урушлар даврида маънога эга бўлган, айниқса, жаҳон урушларида ОАВ ҳарбий ҳаракатларни бошқариш ва назорат қилиш механизмига айланиб, ахборот психологик қуролга айланган ва душман образини яратишга хизмат қилган.

Аммо, ҳозир, ХХI асрда, ахборот медиа-бозорини бошқариш механизмлари ўзгармаяпти, аксинча, назорат нуқтаи назаридан улар такомиллашиб бормоқда. Бирламчи ахборот ахборот маҳсулоти параметрларини олиш учун ўзига хос йўлакдан, ташкилотнинг қаттиққўл тизимидан: пресс-бюро, сўнг пресс-бўлим, пресс-сервис, пресс-центр, пресс-синдикат силсиласи орқали ўтади ва ҳар бир босқичда бирламчи ахборот тарғибот ниқобига бурканиб боради. Тарғибот – бу шахсга ахборий-психологик таъсир ўтказиш ва унинг феъл-атворини назорат қилиш воситасидир.

Мутахассисларнинг фикрича, тарғиботни одамларни улар қилмаган ишни қилишга ундаш сифатида таърифласа бўлади. Масалан, Н.Л.Волконский охирги ахборот маҳсулотининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи тарғиботнинг бир қанча турларини санаб ўтади: оқ, кулранг, қора, конверсион, бўлувчи, консолидацион, қўпорувчи, манипулятив, ҳарбий, ташқи сиёсий.

Ушбу мураккаб тарғибот системасининг хотимаси тарғибот барражи, яъни ижтимоий фикрни бирор-бир акцияга тайёрлаш учун қўлланувчи интенсив ва йўналтирилган тарғибот кампаниясидир. Бизнинг давримизда бундай товар дунёнинг кўпчилик давлатларида улкан талабга эга ва унинг учун миллионлаб конвертланувчи валюта тўлашади. Аммо бу тараққиёт ва инсониятга керакми? Бу саволга баҳсли жавоблар мавжуд.

Бошқа томондан, глобал ахборот майдонини яратиш оптимизацияси ва самарадорлиги учун инглиз-америка глобаллашуви ва унинг босими остидан ўз анъаналарини асраб қолишга қаратилган ислом ҳаракати, бирлашган роман-герман Европаси ва Россия ҳамда бир қанча Марказий Осиё давлатларининг евросиё кайфияти, хитойликларнинг “ўрта давлат” идеологияси ва ҳ.к. лар ўртасидаги мақсадга мувофиқ мутаносибликларни топиш зарур.

Ушбу мураккаб мозаикада Марказий Осиё халқлари ахборот сегментининг уларни тушунишлари учун ёрдам берадиган ўз қисмини қидирмоқда.

Совет даври ва дунёнинг қутблашуви давридаги ахборот назорати сиёсати ахборот майдонининг тўлиб кетиш жараёнига ўз ўрнини бўшатиб берди. Одамлар мутлақо кутилмаган икки маъноли, жамият учун анъанавий равишда тушунарсиз бўлган тагматнли ахборот оқимига тушиб қолишди.

Либерал-демократик йўналишдаги ахборот оқими анъанавий-классик ориентациядаги халқлар учун мутлақо янги эди ва ҳаётий тушунчалар бир-бирига боғлиқ бўлмаган ва шиддат билан дунёнинг тасаввур қилинган шаклини бузиб юбориб, онгга беқарорликдай бузғунчи ҳолатни олиб кирувчи кўпдан-кўп версия ва маъноларга эга бўла бошлади. Бир қатор ғарб экспертлари ўз медиа маҳсулоти истеъмолчиларининг умумий ҳажмидан ОАВга сўзсиз ишонувчи аҳоли қатламларини ажратиб кўрсатадилар. Уларнинг тахминий миқдори 10 – 15% га тенг. Марказий Осиёда эса “ишонувчанлик” тушунчаси, Осиёнинг бошқа бир қатор минтақаларида бўлганидек, ахборотнинг йўналтирилганлигидан келиб чиқади, аниқроғи, ушбу ахборот кимдан келаётгани биринчи ўринга чиқади. Агар бу ахборот ўз социумидан келаётган бўлса, унга ишониш мумкин. Агар ОАВ, айниқса телевидение ушбу ижтимоий гуруҳнинг руҳий ҳолатини ҳисобга олмаса, бундай медиа маҳсулотдан чекиниш келиб чиқади.

Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий элита ва интеллигенция анъанавий мусулмонча ҳаёт тарзига тараққиётнинг ахборий-коммуникатив тенденциялари белгилаб берган ҳаётий фаолиятнинг замонавий услубини киритишга интилмоқда. Бошқа савол: бу қандай қилиб янада самаралироқ бажарилади? Бир ижтимоий тузумдан бошқасига ўтишни тезлаштиришга, бизнингча, замонавий технологиялар ёрдам беради. Шу билан боғлиқ равишда электрон ОАВ нинг янги техник ютуқларига диққат қаратмоқчи эдик.

Қайд этиб ўтиш лозимки, ОАВнинг янги технологиялари келажакда медиа-бозор, биринчи навбатда, унинг улкан жозибадорлигини, шунингдек, истеъмолчилар бозорининг сон бўйича тижорий истиқболини ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиё сегменти, унинг таркибидаги давлатларнинг фақатгина геосиёсий планида қандай ташкил қилинишига боғлиқ.

Марказий Осиёда медиа бозорни шакллантириш, шунингдек, телекоммуникацион майдоннинг технологик даражасини кўтариш учун ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва оператив янгиликлар алмашиш, минтақавий медиа ташкилот доирасида мутахассис кадрлар тайёрлаш, мавжуд Европа ҳамкорлиги моделлари ва коммуникация соҳасидаги интеграцион тадбирлар бўйича минтақада ўз қизиқишларига эга бўлган у ёки бу халқаро структура кўмагида ўзига хос Марказий Осиё медиа-альянсини яратиш долзарб бўлиб турибди.

“Замонавий ахборот майдонининг шаклланиши:
медиа майдонини яратишда ахборот технологияларининг, структурали ёндашув ва минтақавий спецификанинг роли” конференциясидаги маърузадан.

(Тошкент, 2006 йил 20 июнь)

© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup