Гулнора Каримова

ЮНЕСКО халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик

Гулнора Каримова бошчилиги остида ўз фаолиятини олиб борувчи Фонд Форум ташкил топган кунидан бошлаб маданият ва санъат соҳасидаги етакчи ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиб келади, улар орасида ЮНЕСКОнинг ўрни алоҳида. Икки ташкилот ҳамкорлиги сезиларли натижалар кўрсатмоқда, бу эса ўз навбатида ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши ва биргаликдаги лойиҳаларнинг сони ортишиги хизмат қилмоқда.

Жамғарманинг маданият, санъат, фан, таълим ва спорт соҳасидаги фаолиятининг самарали эканлигини шу ҳолат ҳам тасдиқлайдики, Фонд Форум МДҲ давлатлари орасида илк бора ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкорига айланди. 2007 йилнинг март ойи сўнггида ташкилотлар «Англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзолашди». Бугунги кунда Фонд Форум ва ЮНЕСКОнинг ҳамкорликдаги ўнлаб лойиҳалари мавжуд.

2005 йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Тошкентда Икуо Хирояма номидаги халқаро карвон-саройда “Марказий Осиё минтақасида тарихий маданий меросни тиклаш муаммолари. Ривожлантиришнинг асосий тамойили” деб номланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Анжуман Фонд Форум, Ўзбекистон бадиий академияси, ЮНЕСКО, “Чегарасиз реставраторлар” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилди. Мақсад эса тарихий-маданий меросни тиклаш соҳасида жаҳон тажрибасини ўрганиш, мазкур соҳада янги йўналишларни кашф этиш, Марказий Осиё ҳудудида минтақавий реставрация марказини ташкил этиш, шунингдек, соҳада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш. Анжуманда жаҳоннинг турли давлатларидан соҳа мутаҳассислари, улар орасида Греция, Туркия, Франция, Болгария, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг халқаро ташкилотлари раҳбарлари ва олимлар иштирок этишди. Анжуман якунларига кўра, Марказий Осий минтақасида реставрация марказини Тошкентда очиш бўйича декларацияга имзо чекилди.

2006 йилнинг 20 апрель куни. ЮНЕСКО Фонд Форум кўмаги билан Тошкентда машҳур кулоллар сулоласи Раҳимовларнинг илк кулолчилик мактаби очилди. Шундай мактаб очиш Рахимовлар сулоласининг азалий орзуси эди. Энди жаҳонга таниқли Раҳимовлар устозлигида ҳохловчилар кулолчилик сир-асрорларини ўрганишлари мумкин. Раҳимовлар сулоласи олти авлод алмашган сулоладир. Бугунги кунда фаол ижод ва анъаналарни давом эттириш ишлари билан Акбар Раҳимов ва унинг ўғли Алишер шуғулланишмоқда. Очилиш маросимида Акбар ва Алишер Раҳимовларнинг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

2006 йилнинг 2-6 август кунлари. Токиода (Япония) Фонд Форум ЮНЕСКО ва Япония миллий рақслари уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган ACCU «Exchange workshop for Asian Perfoming Arts» санъат соҳасида алмашув халқаро таълим дастурида иштирок этди. Дастурда Осиё минтақасидан Япония, Ҳиндистон, Бруней, Индонезия, Камбоджа давлатлари иштирок этиб, Ўзбекистон улар орасида Марказий Осиё минтақасини тақдим этган ягона мамлакат эди.

2007 йилнинг март ойи. 2007 йилнинг март ойида Парижда “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг ваколатхонаси очилиши ва жамғарма ҳамда БМТнинг таълим, фан ва маданият соҳасидаги ташкилоти (ЮНЕСКО) билан «Англашув меморандуми» имзоланди. Ушбу имзолаш жараёни ЮНЕСКО бош директори Коичиро Мацуура ва Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова учрашуви чоғида бўлиб ўтди. Иккала томон учун бундай муҳим қадам самарали халқаро ҳамкорлик натижаси, шунингдек, икки ташкилотнинг ягона мақсадлар сари, фан, таълим ва маданият ривожига ҳисса қўшиш учун бирлашганидан далолат берарди.

Фонд Форумнинг Парижда ваколатхонаси очилиши муносабати билан ташкил этилган «Карусель ду Лувр» деб номланган шоу-намойиш ва «Ўзбек фотографияси 125 ёшда» кўргазмаси Франциянинг Люксембургдаги сенатида ўтказилиб, у мамлакатимиз санъатининг энг ёрқин жиҳатларини намоён этди. Шоу-дастур чоғида “Офарин” театри иштирокидаги бетакрор рақслар, замонавий мусиқий йўналишлар ( “Гранд-мастер” брейк-данс гуруҳининг миллий чолғу асбоблар билан чиқиши), “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали ёш лауреатлари Хадича Имомназарова ва ёш доирачилар – ака-ука Ҳакимовлар, ҳамда маҳаллий дизайнерларнинг либослари намойиши ўтказилди. Мазкур тадбирлар Париж жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Бу шундан далолат бердики, Фонд Форумнинг Европадаги ваколатхоналари Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан маданий алоқаларни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

2007 йилнинг 7 май куни. ЮНЕСКОнинг Париждаги ваколатхонасида Самарқанднинг 2750 йиллиги ҳамда Марғилоннинг 2000 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Жумладан, “Жаҳон тамаддунида Самарқанд ва Марғилоннинг роли” деб номланаган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиб, унда ўзбек ва европалик олимлар иштирок этишди. Анжуман чоғида Самарқанд ва Марғилон ҳақида фильм намойиш этилди. Ўзбекистон делегациясининг ЮНЕСКО бош қароргоҳига ташрифи чоғида ташкилот бош директори Коитиро Мацуура билан учрашув бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Самарқанд ва Марғилонга бағишланган кўргазма ҳам шу куни очилди. Кўргазмаларда Самарқанд ва Марғилондаги меъморчилик обидалари ҳамда тўқимачилик ва амалий санъат наъмуналари намойиш этилди.

2008

2008 18-22 февраль. Жамғарма вакили ЮНЕСКО номоддий маданий меросни қўриқлаш ҳукуматлараро қўмитасининг Болгарияда ўтказилган навбатдаги сессиясида кузатув кенгаши таркибида иштирок этди.

2008 йилнинг 1-12 июнь кунлари ЮНЕСКО Осиё-Тинч Океани Маркази (APCEIU)нинг “Осиё маданияти” лойиҳаси доирасида ушбу ташкилот вакилларининг Ўзбекистон бўйлаб ноодатий саёҳати уюштирилди. Фонд Форум 1 дан 12 июнга қадар гуруҳнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатини уюштиришга ёрдам бериб, лойиҳа ҳамкорига айланди. 10 кун мобайнида гуруҳ Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларининг шаҳарларида бўлиб, сураткашлар Ўзбекистоннинг меъморий обидаларини суратга туширишди, ўзбек халқининг урф-одатлари ва анъаналари билан яқиндан танишишди. Экспедиция чоғида меҳмонлар Нурота кенгликларида яшаш, “Сармиш-сой” қўриқхонасида бўлиб, деворий суратлар — петроглифларни ўрганиш, муқаддас “Чашма” булоғини зиёрат қилиш имконига эга бўлишди, ва, ҳатто “келин салом” тадбирида иштирок этишди. Иштирокчи сураткашлар томонидан олинган суратлар кейинчалик бутун дунё бўйлаб тарқатилувчи махсус фотоальбомлардан жой олиши режалаштирилган.

13 июнь куни ИТҚҚФ Special Olympics Uzbekistan, Special Olympics Europe/Eurasia, UNESCO, UNICEF, "Келажак овози" ЁТМ, "Аёллар Кенгаши" ЖБ, "Меҳр Нури" жамғармаси билан ҳамкорликда “Жамиятда имконияти чекланган болаларнинг интеграциялашув йўллари” деб номланган халқаро анжуман ўтказди.

2008 йилнинг 13 - 14 июнь кунлари «Radisson SAS Tashkent» меҳмонхонасининг катта анжуманлар залида Ўзбекистон махсус олимпиадаси ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Имконияти чекланган болалар ва ёшларнинг ҳаётларини ўзгартириш йўллари” деб номланган халқаро анжуман ўтказди. Унда Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идоралар вакиллари, ЮНИСЕФнинг Марказий Осиёдаги ваколатхоналари, Махсус Олимпиада, БМТ Ривожлантириш Дастури, ЮНЕСКО, Ўзбекситонда рўйҳатдан ўтган элчихоналар, Европа/Евроосиё махсус олимпиадаси, Марказий Осиё, Россия, Бельгия, Ирландия, Германия, Польшадаги турли ННТ вакиллари иштирок этишди. Анжумандан кўзланган мақсад – жамият ҳаётида имконияти чекланган инсонларнинг интеграциялашуви ва хабардорлик даражасини ошириш масалаларини муҳокама қилиш, ғоялар, тажриба ва амалиёт алмашуви, ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва имконияти чеклаган болалар ва ёшларнинг ижтимоий интеграциялашуви бўйича ташкилотлар тизимини яратишдир.

2008 йилнинг июль ойида “ЮНЕСКО ва Фонд Форумнинг Япония йўналишидаги ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ЮНЕСКО (ACCU)нинг Токио шаҳридаги маданият марказида ўтказилди. Тадбир иштирокчилари қаторидан Фонд Форумнинг Токиодаги ваколатхонаси, ЮНЕСКО маданият маркази, Япониянинг Таълим, маданият, спорт, фан ва техника вазирлиги вакиллари ўрин олишди. Шу қаторда тадбирда ўзбек маданияти ва санъати кўргазмаси ҳам намойиш этилиб, унда халқ усталари буюмлари, миллий рақс костюмлари ҳамда ўзбек халқининг тарихи ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи фотоэкспозиция ўрин эгаллади.

15 декабрь куни Ёшлар ижод саройида бадиий ҳайрия кўргазмаси очилиш маросими бўлби ўтиб, унда ОИТС билан яшаётган болалар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган савдо ташкил этилди. Тадбир ташкилотчилари — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНЕСКО, ЮНЭЙДС ва Фонд Форум. Экспонатлар савдосидан тушган маблағнинг бир қисми ОИТВ билан касалланган болаларга кўмак бериб, уларни қўллаб-қувватлаётган ташкилотларлаги болалар хоналарни жиҳозлашга сарфланадиган бўлди.

16 декабрь куни Женевадаги БМТ бўлими биносида жойлашган Миллатлар Саройида пойтахтимизнинг 2200 йиллигига бағишланган “Тошкент: бугун ва эртага” деб номланган кўргазма очилди. Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси, UNOG, UNESCO, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси тадбирга ташкилотчилик қилишди. Лойиҳа доирасида Тошкент суратлари, тасвирий санъат кўргазмаси, шунингдек, мамлакатимизнинг таниқли ва ёш ижрочилари иштирокидаги мусиқий тақдимот бўлиб ўтди.

2009

2009 йил 10 апрель Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида Тошкентнинг 2200 йиллигини нишонлашга бағишланган ҳукумат концерти бўлиб ўтиб, унда мамлакатимизда хизмат кўрсатган маданият ва санъат арбоблари ҳамда “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали лауреатлари иштирок этишди.

20 апрелдан 10 майга қадар Тошкентда Фонд Форум ЮНЕСКО ва Британия кенгаши билан ҳамкорликда “Миллий санъат инъомлари: қадим ва замона” шоу-кўргазмаси ташкил этилди. Ҳар куни кўргазмани 100 дан 500 нафатгача меҳмонлар зиёрат қилишди. Улар орасида маданият арбоблари, пойтахтимиз меҳмонлари, мактаб ўқувчилари, талабалар ва қадимий буюмлар ҳамда замонавий санъат асарларига бефарқ бўлмаганларнинг бари бор эди. Экспозиция уч йўналишда намойиш этилди: кўпчиликка номаълум илдизи узоқларга бориб тақалувчи анъанавий маданият қатлами, замонавий ҳунармандлар талқинидаги қадимий санъат йўналишлари, шунингдек, анъанавий ранглар замонавий хашамат учун илҳом манбаи сифатида.

Май ойида Фонд Форумнинг йиллик «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивали халқ анъаналари ва урф-одатлари, амалий санъат ва миллий ошхона, ноёб оғзаки ҳамда номоддий мероснинг турфалигини намоён этди. 2009 йилдан бошлаб Фестиваль ЮНЕСКО билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, тарихий ва маданий марказларида халқ сайллари таризда ўтказилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳар бири авлоддан авлодга асраб-авайлаб етказиб келинаётган ноёб маънавий мерос, асрий анъаналарга эгадир.

Август ойида Фонд Форум ноёб тарихий тўплам “Тошкент: бир шаҳар тарихи”ни тақдим этган бўлиб, унда XIX аср охиридан шу кунгача Тошкент шаҳри акси туширилган тарахий ва бадиий 400 дан ортиқ суратлар жамланган. Ушбу кенгқамровли лойиҳа 2007 йилнинг 16 октябрь куни Бош анжуманнинг 34-сессиясида Тошкентнинг 2200 йиллигини нишонлаш ва байрам тадбирларида иштирок этиш ҳақида резолюцияни қабул қилган ЮНЕСКО билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

24-26 сентябрь, 2009 й., Монца (Италия). Фонд Форум делегацияси ЮНЕСКОнинг “Ижод, инновациялар ва маҳорат: ҳунармандчиликдан мода ва дизайн саноатигача” маданият саноати форумида иштирок этди. Форум иишида бутун дунё бўйлаб 200 маданий ташкилотлар вакиллари қатнашишди.

15-22 октябрь, Халқаро замонавий санъат биенналеси «Шаҳар фалсафаси: антропологик ландшафт»
Замонавий санъат халқаро Биенналеси Тошкентда Style.uz Санъат ҳафталиги доирасида ўтказилди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг энг яхши саҳна ва кўргазма залларида санъат арбоблари форуми, маъруза ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди ва албатта, етакчи маҳаллий ва 27 та хорижий мамлакатлардан келган рассомлар, усталар, графика ва фото ижодкорлар, санъат танқидчилари, кўргазма кураторлари иштирокидаги замонавий санъат кўргазмаси очилди.

2010

8-9 май кунлари Хивадаги қадимий Ичан-Қалъа тарихий-музей қўриқхонаси ҳудудида Фонд Форум ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали учинчи маротаба ўтказилди. Фестиваль 25 минг нафар томошубин ва 100 нафардан ортиқ хорижий меҳмонларни жамлади. Анъанавий маданий ва илмий тадбирлар ўтказилди.

10 октябрь, ёш рассомларнинг “Арасту жумбоғи” деб номланган кўргазмаси Тошкентда Style.uz Санъат ҳафталиги доирасида ўтказилди.. Қадимги юнон файласуфи Арасту ижодда ифодаланётган жисмнинг ўлчам ва шакли унинг реал кўринишига мутлақо мос келиши керак, деган назарияни илгари сурган. Кўргазманинг ҳар бир иштирокчиси эса Арастунинг ушбу қарашини сигир қиёфасида ўзича ифода қилган. Экспозициядан 15та асар жой олган бўлиб, уларнинг сюжети асосига шу беозор жонивор қўйилган. Асарлар тасвирий санъатдан тортиб инсталлаяциягача, мода дизайнигача бўлган замонавий санъатнинг турли туман техник намуналари асосида яратилган.

2011

ЭОАВМА, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси, Фонд Форум, “Келажак овози” ЁТМ, ЕҲҲТ, К.Аденауэр номидаги жамғарма, БМТ Тараққиёт дастури, UNESCO, UNFPA 28 апрелдан 3 майга қадар медиа кунларини ташкил этишди. Тадбир доирасида ўтказилган мунозараларда ёш журналистлар, ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, ёшлар телестудиялари, ёшларга мўлжалланган матбуот ва интернет нашрлар вакиллари иштирок этишди.

30 апрелдан 1 майга қадар Бухорода Фонд Форум ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкиллаштирилган “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали ўтказилди. Фестиваль 20 мингдан ортиқ меҳмонларни тўплади. Анъанавий маданий ва илмий тадбирлар қаторида янги тарихий объект - минг йиллик хаммом тақдимоти; япон хаттоти Коичи Хонда кўргазмаси; “Кинофестиваллар - замонавий жаҳон маданияти феномени” мавзусидаги давра суҳбати, “Ўзбекистон қадимий обидаларидаги дурдона битиклар” китоби тақдимоти, мадрасаларга грантлар топшириш маросими кабилар бўлиб ўтди.

5 май куни Тошкентда “Инклюзив таълимнинг ижтимоий стратегиялари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Ушбу анжуман Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди, Ўзбекистон Махсус Олимпиадаси, Фонд Форум, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Анжумандан кўзланган мақсад давлат идоралари, жамоат ва халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларни инклюзив таълим муаммоларини ҳал қилиш ва имконияти чекланган болаларнинг жамиятга интеграциялашиши йўлларини излашга сафарбар қилишдан иборатдир.

© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup