Гулнора Каримова

Ҳамкорлик уйғунлиги

Глобал энергетик жараёнларда Ўзбекистоннинг ўрни ва роли

Бугун Ўзбекистон халқаро табиий газ бозорида барқарорликни таъминлашда сезиларли рол ўйнамоқда. Газ қазиб олишнинг ривожланиши билан унинг ўрни ҳам ўсиб боради, бунда халқаро энергетика бозоридаги вазият қўл келади.

Дунё миқёсида энергетик хом-ашёга бўлган талабнинг ортиши билан асосий етказиб берувчилар ўртасида конлар ҳамда нефт ва газ транспортировкаси йўналишларини бошқариш учун рақобат авж олиб боради. Углеводород етказиб берувчи мамлакатларнинг бирлашиш ҳаракатлари ва энергетика сиёсати координацияси ушбу тенденцияларга ўзига хос жавоб бўлиб хизмат қилади.

Табиий газ қазиб олиш ва экспорт қилишни оширишга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон барқарорлик ва энергетика бозорларининг ривожланиш башоратидан манфаатдор. Ушбу муаммонинг ечими барча қизиқувчи томонларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Шу маънода “ШҲТ энергетика клуби” яхши потенциалга эга.

Ўзбекистон минтақавий ва халқаро энергетика тизими ва даставвал, унинг газ сегментида каттагина ўринни эгаллаган. Охирги йилларда мамлакатда табиий газ қазиб олиш ўсмоқда ҳамда газ заҳираларининг кўпайиши кузатилмоқда. Бу энергетика соҳасига давлат миқёсидаги эътибор ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш чора-тадбирларининг шарофатидир. Пухта ўйланган давлат сиёсати натижасида энергетика сектори хорижий нефт-газ компанияларининг диққат-эътиборини тортиб, улар Ўзбекистондаги турли энергетик лойиҳаларга инвестиция киритмоқдалар.

Айниқса, Россия ва Осиё қитъаси мамлакатлари фаоллик кўрсатмоқдалар. Бугунги кунда Россия компанияларининг фақатгина Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика мажмуасига киритган инвестицияси 2,5 миллиард долларни ташкил этади. Хусусан, “Газпром” ва ЛУКОЙЛ Ўзбекистон билан истиқболли газ структураларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришган. ЛУКОЙЛ 330 млрд м3 табиий газ заҳирасига эга, нархи 1 миллиард доллардан кўпроқ бўлган “Шоди-Кандим-Ҳавзак” лойиҳасида фаолият юритмоқда.

Ўз навбатида, “Газпром” 2006 йилнинг январида “Ўзбекнефтгаз” билан Устюрт ҳудудининг етти инвестицион блокининг геологик тадқиқоти ҳамда мамлакат ғарбидаги бир қанча конларнинг маҳсулотларини тақсимлаш принципларини белгилаб берувчи иккита шартнома имзолаган. 2007-2011 йилларда “Газпром” геология-тадқиқот ишлари ва конларни ишга тушириш учун 610 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлашни кўзда тутмоқда. Айни пайтда Россия концерни “Шохпахта” конини ишга тушириш олди лойиҳасида фаолият юритмоқда. 2004 йилда ушбу кондан 200 миллион м3, 2005 йилда эса 500 миллион м3 атрофида газ қазиб олинди. 2006 йилда ушбу кўрсаткич 1 миллиард м3га етди.

“Газпром” газ сотиб олишда Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкоридир. Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартномага кўра “Ўзбекнефтгаз” МХК ва “Газпром” ўртасида Ўзбекистондан Россияга 2004 йилда 7 млрд м3, 2005 йилда 8,15 млрд м3, 2006 йилда 10 млрд м3 атрофида газ экспорт қилинди.

Айниқса, бешта компания – «Ўзбекнефтгаз», ЛУКОЙЛ, CNPC (Хитой), KNOC (Жанубий Корея) ва Petronas (Малайзия) иштирокидаги Орол денгизининг Ўзбекистон қисмидаги конларнинг геологик тадқиқот ишларига тайёргарлик кўриш ҳамда ишга тушириш бўйича халқаро консорциумнинг фаолиятини алоҳида қайд этиш жоиз.

Россия ва Осиё мамлакатларининг Ўзбекистонга бу қадар эътибори уларнинг газ конларини излаш ва газ қазиб олишни молиялаштириш бўйича истиқболли лойиҳалар, шунингдек, аллақачон 3 трлн кубметрни ташкил қилувчи табиий газ заҳираларининг ўсиши туфайли мамлакатимизнинг халқаро энергия таъминотидаги ўсиб бораётган ўрнини жуда яхши тушунишлари билан изоҳланади. Бунда қазиб чиқариш мумкин бўлган заҳиралар ҳажми яна 5 трлн м3 миқдорида баҳоланмоқда.

Шунингдек, қўшимча факторлар билан бирга, Ўзбекистоннинг газ ресурсларига нисбатан хорижий энергетиклар эътиборининг кучайишига бир қанча узоқ муддатли характердаги тенденциялар белгиланаётган халқаро энергетика бозоридаги вазият ҳам ёрдам бермоқда.

Энергетика бозори тенденциялари

Глобал энергетика бозори тараққиётида бир қанча асосий ҳал қилувчи тенденцияларни кўрсатиб ўтиш мумкин.

Биринчи навбатда, халқаро иқтисодиётда табиий газ ва нефтга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши бўлиб, бу XXI аср бошидаги асосий муаммолардан бири сифатида баҳоланмоқда. Таҳлилчиларнинг башоратларига қараганда, яқин 15-20 йил ичида халқаро миқёсда нефт истеъмол қилиш йилига камида 2–2,5 млн баррелга ўсиб боради. Агар 2002 йилда халқаро талаб кунига 78 млн баррелни ташкил қилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 103 млн баррелга, 2025 йилда эса 119 млн баррелга етиб бориши мумкин.

Табиий газга бўлган талаб ҳам мана шундай юқори суръатларда ўсиб, жаҳондаги йирик давлатларнинг экологик вазиятни яхшилаш муаммоларидан ташвишдалигини ҳисобга олсак, унинг аҳамияти ҳам ошиб боради. Табиий газга бўлган талаб 2025 йилгача йилига 2,5% га ўсиб бориши башорат қилинмоқда. 2025 йилда газ истеъмол қилиш бугунги 3 трлн м3 дан 5,2 трлнга ўсиши ва бу глобал энергия истеъмолининг 28%ини ташкил этиши кутилмоқда.

Иккинчи муҳим тенденция келажакда глобал нефт, табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланиш тизимида Осиё сегментининг ортиб бориши ҳисобланади. 2004-2005 йилларда биринчи марта Осиёдаги нефт истеъмоли Жанубий Америкадаги кўрсаткичдан ўтиб кетди. Осиёдаги энергия истеъмоли шу қадар юқорики, яқин 10-15 йил ичида минтақа мамлакатларига халқаро миқёсда углеводород хом-ашёси истеъмоли ортишининг ярми тўғри келиши мумкин. Осиё бозоридаги об-ҳавонинг асосий образини уч мамлакат – Хитой, Япония ва Ҳиндистон белгилаб беради.

Хитой бозори нефт истеъмолининг умумий ҳажми бўйича Япониядан ўзиб кетиб, АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди. Бугун мамлакат кунига 7 млн баррел нефт истеъмол қилади, шундан 3 млн баррели экспорт қилинади. Аммо табиий газ истеъмоли нуқтаи назаридан Хитойнинг глобал миқёсдаги таъсири ҳали у қадар юқори эмас. Бунинг сабаби – ХХРдаги умумий энергия истеъмолидаги табиий газ ҳажми, кўмир 69% бўлган вазиятда, фақат 3% ни, нефт эса 22%ни ташкил қилади.

Шу билан бирга, вазият яқин йилларда ўзгариши мумкин, негаки Пекин кўмир улушини атом электр энергияси ҳамда табиий газ ҳисобига қисқартиришни режалаштирмоқда. ХХР аллақачон табиий газ қазиб олиш ва газ қувурлари ҳамда СТГ қабули бўйича терминаллар қуриш юзасидан хорижий мамлакатлар билан шартномалар тузишни бошлаб юборган.

Япон бозори, Хитойдан умумий нефт истеъмоли бўйича ортда қолаётган бўлса-да, айни вақтда импорт миқдори бўйича ундан анча олдинлаб кетган. Деярли мамлакатда истеъмол қилинаётган нефтнинг ҳаммаси, бу кунига 5,5 млн баррел, импорт қилинади. Табиий газ истеъмолида ҳам ўхшаш вазият кузатилмоқда. СТГ импорти бўйича Япония дунёда биринчи ўринда туради. Табиий газ истеъмолининг умумий миқдори йилига 100 млрд м3ни ташкил қилади. Экспертларнинг қатъий фикрича, Япониянинг табиий газ ва нефт етказиб берувчи хорижий мамлакатларга тобеълиги фақат ўсиб боради.

Углеводород хом-ашёси истеъмоли ҳамда унинг ўсиш истиқболлари нуқтаи назаридан учинчи йирик бозор Ҳиндистондир. Бугунги кунда ҳинд бозори кунига 2,7 млн баррел нефт истеъмол қилади, шундан фақат 846 минги унинг ўз конларидан қазиб олинади. Ҳиндистон бу соҳада Япония ва Хитойдан анча ортда қолаётган бўлса-да, Ҳиндистоннинг 2006 йилда 8,5% ни ташкил қилган интенсив иқтисодий ўсишини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич сезиларли даражада қисқариши мумкин. Бу табиий газга ҳам таалуқли. 2004 йилда Ҳиндистондаги газга нисбатан талаб биринчи марта ўз конларидан олинаётган хом-ашё ҳажмидан ортди, бунинг натижасида мамлакат Қатардан СТГ экспортини йўлга қўйди.

Шу билан бирга, Осиё мамлакатларининг энергетикага бўлган эҳтиёжининг ортиши Шимолий Америка ва Европа бозорлари аҳамиятининг тушишини англатмайди, улар ҳанузгача энергетикага бўлган халқаро эҳтиёжни шакллантиришда ҳал қилувчи ўринга эга. Аниқроғи, дунёда энергия истеъмолчилари глобал бозорининг асосини Америка-Европа-Осиё учлиги ташкил қилувчи янги конфигурацияси пайдо бўлади.

Учинчи асосий тенденция бир қатор асосий нефт ва газ қазиб олувчи минтақалар, биринчи навбатда, Форс кўрфази ва Лотин Америкасидаги сиёсий ва ҳарбий вазиятнинг ишдан чиқишидир. Ироқ уруши нархларнинг мислсиз даражада ўсишига, биринчи навбатда «Киркук-Жайҳон» шимолий нефт қувуридаги қўпорувчилик ҳаракатлари натижасида нефть етказиб беришнинг мунтазам узилиб туришига олиб келди. Ҳозир Эроннинг ядровий лойиҳаси муаммоси ва Эрон-Америка муносабатларининг кескинлашуви атрофида таҳликалар ортиб бормоқда, бу эса, ўз навбатида, халқаро нефт ва табиий газ бозорининг издан чиқишига олиб келади. АҚШ ва Лотин Америкасидаги асосий углеводород етказиб берувчи мамлакат – Венесуэла ўртасидаги муносабатларда қийин жараёнлар кузатилмоқда. Мазкур вазият таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу минтақалардаги сиёсий вазиятнинг мураккаблашув тенденцияси давом этади.

Тўртинчи тенденция – асосий углеводород импорт қилувчилари орасидаги хом-ашё манбалари, нефть ва газ транспортировкаси йўналишлари ва инфратузилмалари учун рақобатнинг ортиб бориши. Шу ўринда Марказий Осиё ва Каспий минтақаси атрофидаги ўйинлар диққатга сазовор. Минтақа мамлакатларининг асосий ҳамкори ҳалигача Россия бўлиб, Марказий Осиё углеводороди экспортининг асосий қисми мазкур мамлакат ҳудуди орқали ўтади. Охирги йилларда Россия компаниялари минтақанинг қазиб олиш соҳасидаги ўз ўрнини сезиларли даражада кучайтириб олди.

Шу билан бирга, Хитой ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда – у «Отасу-Алашанькоу» нефть қувурининг қурилиш лойиҳасини амалга оширишга муваффақ бўлди. Бу орқали қозоқ нефти ХХР шимоли-ғарбидаги нефтни қайта ишлаш заводларига етказиб берилади. Хитой компаниялари Қозоғистоннинг нефть конларига кенгроқ йўл очиш бўйича фаол стратегия юритмоқдалар. Бундан ташқари, Пекин Ғарбий Қозоғистон ва Туркманистондан табиий газ импортини йўлга қўйиш имкониятларини кўзда тутмоқда, бунинг учун эса Хитой бозорига йўналтирилган газ қувурлари тармоғи қурилиши мумкин.

Америка ва Европа компаниялари ҳам Марказий Осиё ва Кавказда углеводород қазиб олиш ва уни транспорт орқали ташиш соҳасидаги вазиятни ҳал қилиб берувчи муҳим омиллардан бирига айланди. Ғарбнинг қизиқишлари Қозоғистон ва Озарбайжоннинг нефть қазиб олиш тармоғида кучли намоён бўлади. АҚШ ва ЕИ иккита лойиҳани амалга оширишга муваффақ бўлди – «Баку-Тбилиси-Жайҳон» нефть қувури ва «Баку-Арзирум» газ қувури ўтказилди. Ҳозирги вақтда ғарб компанияларининг нефть ва табиий газни Қозоғистон ва Туркманистондан Озарбайжон ва ЕИга етказиб берувчи транскаспий йўналишларини йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бормоқда.

Бешинчи тенденция – углеводород етказиб берувчи мамлакатларнинг бирлашиш ҳаракатлари ва энергетика сиёсати координацияси. Охирги ташаббуслар орасида “Газ ОПЕК” ташкил қилиш таклифи ҳамда Венесуэла таклиф қилган Лотин Америкаси газ Иттифоқи лойиҳасини тилга олиш мумкин. Бундай иттифоқларнинг бош мақсади – хом-ашёни баҳолашдаги ва халқаро нефть ва газ бозоридаги вазиятни шакллантиришда етказиб берувчиларнинг устунлигини ўрнатиш. Бунинг остида ҳам жиддий сиёсий мотивациялар бор.

Кўпчилик экспертларнинг фикрига қараганда, келажакдаги энергетика сиёсатига энг катта таъсир ўтказувчи иттифоқ Россия, Эрон, Қатар, Жазоир, Тринидад ва Тобаго иштирокидаги “Газ ОПЕК” бўлади. Бундай картельнинг яратилиши халқаро энергетика бозорига таъсир қилади ва углеводород экспорт қилувчи мамлакатларнинг манфаатларини сезиларли даражада кучайтиради. Бундан ташқари, у хом-ашё етказиб бериш тизимига таъсир қилиши мумкин.

Тахминларга кўра, “Газ ОПЕК”нинг ташкил қилиниши суюлтирилган табиий газ савдосини ўстириб, қувур орқали етказиб беришнинг улушини пасайтиради. Бир қатор баҳоларга биноан, картель туфайли 2020 йилга келиб халқаро газ савдосидаги СТГнинг улуши 40-45% га етиши мумкин, бу эса экспорт қилувчиларга ишлаб чиқариш ва нархлашни координациялаш, етказиб бериш стратегиясини такомиллаштириш, энг аввало, сиёсий характерини тушуниш ва бошқариш имкониятини беради.

Инқирозсиз ривожланиш моделларини қидириш

Сўзсиз, юқорида айтиб ўтилган тенденциялар бевосита ёки билвосита Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, чунки мамлакат Марказий Осиё минтақасининг “юраги”да жойлашган ҳамда унинг ҳудудидан ўзбек ва туркман газини Европа ва Россия йўналиши бўйича етказиб беришни таъминловчи “Ўрта Осиё-Марказ” сингари муҳим энергетик коммуникациялар ўтади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва унинг гази Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг энергетик ҳавфсизлиги тизимида муҳим ўрин тутади.

Шу билан боғлиқ равишда ташқи “ўйинчилар”нинг хом-ашё манбалари ва унинг транспортировкаси йўналишлари, бевосита Марказий Осиё яқинида беқарор ҳудуднинг кенгайтирилиши каби тенденциялар республика энергетика стратегиясининг умумий йўналишларига зиддир. Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарор бозорнинг мавжудлиги ва умуман, халқаро энергетика бозоридаги барқарорликдан манфаатдор, негаки бу муаммо табиий газ қазиб олиш ва экспорт қилиш, хорижий сармояни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва МО минтақасини барча томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги ҳудудига айлантириш масаласи Ўзбекистоннинг асосий мақсадларидан биридир.

Худди шундай нуқтаи назар айнан Марказий Осиё мамлакатларининг нефт-газ потенциалини амалга ошириш ва уларнинг етакчи истеъмолчи мамлакатлар билан энергетик алоқаларини ривожлантиришда инқирозли вазиятларни бартараф қилиш ёки олдини олишга қодир минтақадаги кўптомонлама ҳамкорлик моделларини ўрганиш ва амалга ошириш устида ишлаётган ўзбек экспертлари ҳамжамиятида ҳам мавжуд.

Охирги йилларда таҳлилчилар ва мутахассислар муҳокамасига олиб чиқилган истиқболли моделлар орасида ШҲТ доирасида нефть ва газ ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи мамлакатлар хатти-ҳаракатлари мувофиқлиги ғояси энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу “ШҲТ энергетика клуби”дир. Расмий даражада ушбу ғоя Россия Федерацияси президенти В.Путин томонидан 2006 йилда айтиб ўтилган эди.

Ушбу ғояни предметли асосда ўрганиш мақсадида Сиёсий тадқиқотлар маркази (СТМ) 2005 ва 2007 йилларда Тошкентда ШҲТ мамлакатлари кузатувчилари, ҳамкор мамлакатлар энергетик компаниялари вакиллари ва экспертлари иштирокида бир қатор халқаро конференциялар ва давра суҳбатлари ташкил этди. Минтақавий таҳлилчиларнинг фикрича, “Марказий Осиё энергетика бозори: тенденциялар ва истиқболлар” халқаро конференцияси (2005 йил декабри) Энергетика клуби ғоясини кўриб чиқишнинг биринчи назарий босқичини ташкил этган бўлса, 2007 йил 26 февралда бўлиб ўтган “ШҲТ энергетика клубини шакллантириш истиқболлари” давра суҳбати амалий муҳокамага ўтиш босқичи сифатида характерланди.

Айтиб ўтиш жоизки, йиғилган барча ШҲТ мамлакатлари экспертларининг фикрига кўра, давра суҳбатини Ташкилот аъзоларининг умумий энергетика дипломатиясини шакллантириш, ёқилғи-энергетика комплекси соҳасидаги ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли ёндашувларини ишлаб чиқиш, ўзаро энергетик диалогни ривожлантириш ва минтақавий энергия хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ўзаро якдил хатти-ҳаракатлари контекстида тушуниш лозим.

Шу билан боғлиқ равишда, иштирокчиларнинг қайд этишича, Энергоклуб бир қатор долзарб муаммоларни ҳал қилиш ва турли таклифларни ишлаб чиқиш учун зарур майдонга айланиши мумкин. Энергоклуб ғоясининг актуаллиги бугунги кунда минтақада икки томонлама ҳамкорликнинг устунлиги ҳисобига кўп томонлама ҳамкорлик камомади кузатилаётгани билан тушунтирилади.

Шунингдек, давра суҳбати давомида минтақада кўпдан буён муҳокама қилинаётган ШҲТ фаолиятига илмий-тадқиқот тузилмалари ва мустақил таҳлил марказларини кенг миқёсда жалб қилиш ғояси кўриб чиқилди. Мазкур тузилмалар энергетик ҳамкорликнинг турли йўналишлари ва Энергоклуб ғояси бирлашуви учун ўзига хос асос яратишга хизмат қилувчи назарий тадқиқотлар ва таклифлар тайёрлашга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин.

СТМ томонидан ўз ичига мустақил тадқиқот тузилмаларини олувчи ўзига хос экспертлик майдони(“бош мия”)ни шакллантириш ғояси илгари сурилди. Бундай майдоннинг мавжудлиги нафақат энергетика соҳасидаги, балки бошқа тармоқлардаги ШҲТ тараққиётининг энг ўткир муаммолари бўйича йўналтирилган профессионал таҳлилий муҳокамаларга йўл очиши мумкин. “Бош мия” ҳар доим ҳам расмий даражада тилга олинмайдиган ва қабул қилинмайдиган ғоялар учун ўзига хос катализатор вазифасини бажариб берган бўларди.

Ўзбекистонда ўтказилаётган тадбирлар ва уларнинг натижалари нафақат республикамизда, балки минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам асосида ШҲТ ва Марказий Осиёнинг инқирозсиз энергетик тараққиёти турувчи нефть ва газ соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик жараёнларини тезлаштириш зарурати яхши тушунилишини кўрсатди.

Энергетика жараёнининг барча минтақавий иштирокчиларига салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган хом-ашёга эгалик қилиш ва унинг транспортировка йўналишлари масаласини ҳаддан зиёд сиёсийлаштиришдан қочиш лозим. Энергетика масалаларининг сиёсийлаштирилиши барқарорлик ва умумий вазиятга қай даражада салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини кўрсатувчи ёрқин тарихий мисол бугунги кунда ҳам ташқи сиёсий, ҳам ички минтақавий қарама-қаршиликларга асосланган ҳал қилиниши қийин муаммолар гирдобига тушиб қолган Форс кўрфазидир.

(“Нефтегазовая вертикаль” журналида чоп этилган, 2007 йил май)

© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup