Гулнора Каримова

Япониянинг йирик жамғармалари билан меморандумлар имзоланди

2011 йил 3 май

Япониянинг йирик жамғармалари билан меморандумлар имзоланди

3 май куни пойтахтимизда Япониянинг нуфузли жамоат ташкилотлари — Икуо Хираяма номидаги Ипак йўли жамғарма-музейи (Hirayama Ikuo Silk Road Museum Foundation) ва Халқаро дўстлик алмашинуви кенгаши (International Friendship Exchange Council) билан Англашув меморандумлари имзоланди. Учрашув чоғида жамғармалар вакиллари шу йилнинг март ойида рўй берган табиий офат натижасида энг кўп талофот кўрган Фукусима префектурасига кўрсатган ёрдами учун Фонд Форум, шахсан Гулнора Каримовага миннатдорлик билдиришди.

Мазкур ҳужжатлар маданият, таълим, фан ва санъат соҳасида икки томонлама муносабатлар, ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, қўшма кўргазмалар, анжуманлар, тренинглар, мутахассислар, талабалар алмашинуви ва бошқа тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш каби мақсадларни кўзда тутади.

Мичико Хираяма, Икуо Хираяма номидаги Ипак йўли жамғарма-музейи директори (Япония):

Авваламбор, ўз вақтида кўрсатилган маънавий ва молиявий кўмак учун япон халқи номидан Фонд Форум ва шахсан Гулнора Каримовага миннатдорлик билдираман. Халқимиз бошига тушган оғир кунларда Ўзбекистон ёрдам қўлини чўзди. Бугунги имзо чекилган Англашув меморандуми натижасида ташкилотларимиз ўртасидаги мустаҳкам алоқалар янада мустаҳкамланишига ишонамиз.

Кен Мацузава, Халқаро дўстлик алмашинуви кенгаши директори (Япония):

Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистоннинг ўз ўрни бор. Бу ўлкага ташрифимиздан мақсад таълим, иқтисодиёт, маданият, фан, соғлиқни сақлаш соҳаларида яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдир. Фонд Форум жаҳоннинг қатор етакчи ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Мазкур жамғарма билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш биз учун муҳим қадамдир. Шунингдек, Японияда 11 март куни рўй берган фожеадан жабр кўрганларга кўрсатган молиявий ёрдами учун Фонд Форумдан миннатдормиз.

Маълумот:

2011 йилнинг апрель ойида Фонд Форум Японияда рўй берган зилзила оқибатида жабр кўрганларга Япониянинг Қизил Хоч жамияти ва “Префектура Фукусима” маданий ва иқтисодий алмашув уюшмасига маблағ ўтказиш орқали кўмак кўрсатди.

Икуо Хираяма (1930-2009) - жаҳонга таниқли рассом, буюк тадқиқотчи-, профессор, жамоат арбоби, Токио Нозик санъатлар ва мусиқа миллий университетига раҳбарлик қилган, ЮНЕСКОда эзгулик элчиси бўлган. 2004 йилда Япониянинг Хокуто шаҳрида (Яманаси префектураси) Буюк Ипак йўли жамғармасига асос солиб, унинг биринчи президенти бўлган.

Икуо Хираяма номидаги Ипак йўли жамғарма-музейи - Буюк Ипак йўлига тааллуқли қадимий топилмаларнинг ноёб тўпламига эга муассасдир. Икуо Хираяма рафиқаси Мичико билан мазкур тўпламни кўп йиллар мобайнида йиққан. Ипак йўли топилмалари Хираямалар оиласини 1968 йил — янги картиналар яратиш учун илҳом манбаи излаб Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳатга чиққанларида қизиқтириб қолган. Орадан 40 йил ўтиб, улар 37 мамлакатдан келтирилган ноёб тўплам яратишга муваффақ бўлишган. 2002 йилда пойтахтимизда Икуо Хираяма номидаги маданият карвонсаройи очилди, 2004 йилда эса ушбу муассасага халқаро мақом берилди.

Халқаро дўстлик алмашинуви кенгашига халқлар ўртасида ўзаро тушуниш муносабатларини янада чуқурлаштириш ва турли мамлакатлар билан алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида (1981 йилда) асос солинган. Кенгаш шахсий ташаббуслар ва Япония ҳукумати ҳамда мамлакатдаги дипломатик корпуслар тавсиялари асосида фаолият олиб боради. Ушбу кенгашга сиёсат оламининг етакчи вакиллари, жамоат арбоблари, маданият, санъат, фан, ишбилармон доиралар вакиллари аъзо бўлишган.



Мавзу бўйича янгиликлар

Роналду Фонд Форум билан ҳамкорлиги доирасида маҳорат-дарслари ўтказди
Самуэль Это`О фонди билан Англашув меморандуми
Меҳмонлар китоби
© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup