2009 йил 17 ноябр

Ёш истеъдодларнинг ҳақиқий байрамига айланган “Янги авлод” фестивали ташкилотчилари ваъда қилганидек 17 ноябрь куни “Истиқлол” санъат саройида жижжи болажонларга Сезария Эвора ва Фонд Форумнинг ҳайрия грантлари топширилди ҳамда Гала-концерт сўнггида жаҳон юлдузининг концерт дастури тақдим этилди. Жаҳон футбол юлдузи Самуэль Это Онинг концертда иштирок этиши барча учун кутилмаган совғага айланди. У ҳам ўз навбатида “Пахтакор” ва “Бунёдкор” футбол академиясининг ўсмирлар жамоаларига грантлар топшириш учун саҳанага чиқди. Меҳмонлар грантларни "Янги авлод" лойиҳаси муаллифи Гулнора Каримова билан топширишди. Республикамиздаги энг йирик фестиваллардан бири бўлган “Янги авлод” бу йили ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ўтказилиб, Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинган кунга бағишланди.
2009 йили Фестивалда иштирок этиш учун бутун мамлакатимиз бўйлаб 18 469 та ариза келиб тушган бўлиб, 685 нафар иштирокчи танловнинг вилоят босқичлари ғолибларига айланишди. Якуний босқичда эса 101 нафар иштирокчи ғолиблик шохсупасига чиқишди. Таъкидлаб ўтиш керакки, 6 йил мобайнида (2004 йилдан 2009 йилгача) Фестивалда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 50 000 га яқин болалар иштирок этишган, уларнинг 1600 нафарга яқини лауреатлар бўлиш шарафига муяссар бўлишган.
Фестиваль гала-концери учун махсус чиқишлар тайёрланган бўлиб, «Янги авлод» ғолибларини ўзбек эстрадасининг кўзга кўринган вакиллари Самандар, Рашид Холиқов, Равшан Намозов, Абдухошим Исмоилов ва Райхон, шунингдек, «Офарин» гуруҳи қўллаб-қувватлашди. Ёш ғолибларни “Янги авлод” фестивали ҳайъати аъзоси Гулнора Каримова, Ўзбекистоннинг кўзга кўринган маданият ва санъат арбоблари — Ўзбекистон халқ артисти Абдухошим Исмоилов, Успенский номидаги республика махсус мусиқа лицейи директори Дилдора Жамолова, мамлакатимизда хизмат кўрсатган артист Равшан Намозов қутлашди.
Фестивалнинг уч нафар лауреати гала-концертда махсус меҳмон машҳур хонанда Сезария Эвора қўлидан бош совринни қабул қилиб олишди. Эвора Grammy ва Victoire de la Musique сингари нуфузли мусиқа мукофотлари, Франции Фахрий легиони ордени соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, у ўзининг ҳайрия фаолияти билан ҳам ном қозонган: ўз мамлакатида у бошланғич мактаб таълимини молиялаштиради ва БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овкат дастури вакили сифатида иштирок этади. Айтиш керакки, шу йилнинг октябрь ойида “Янги авлод” фестивали лауреатларига Санъат ҳафталигида мамлакатимизга ташриф буюрган машҳур хонанда Стинг ҳам шундай грантлар топширганди.
Ижодий гала-концерт жаҳон футболи мухлислари учун ҳам унутилмас ҳодисага айланди. Унда Чемпионлар Лигаси Кубогининг икки карра совриндори, Африканинг энг яхши ўйинчиси, Энг яхши ўйинчи-2009 номига номзод футболчи Самуэль Это О иштирок этди. Самуэль ЭтоО “Истиқлол” санъат саройида мамлакатимиздаги йирик футбол клублари — “Пахтакор” ва “Бунёдкор” қошида фаолият юритаётган футбол академияларининг икки ўсмирлар жамоаларига ҳомийлик ёрдами ва дипломларни топширди. Шу тариқа Фонд Форумнинг болаларга мўлжалланган янги лойиҳага старт берилиб, унинг доирасида бутун мамлакатимиз бўйлаб болалар ва ўсмирлар футбол жамоалари, футбол мухлисларига ҳомийлик ёрдами кўрсатилади, машҳур футболчилар билан маҳорат-дарслари ўтказилади.
Бахтли болалик байрами Сезария Эворанинг бир ярим соатлик чиқиши билан давом этиб, хонанда ўзининг бетакрор овози билан томошабинларни ром этди. Стингнинг концертидаги сингари залдаги ўриндиқларнинг асосий қисми Фестивалнинг саралаш босқичи иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари, ҳайъат аъзолари махсус мусиқий ва бадиий ўқув юртлари ўқувчилари, болалар ижодиёти уйлари тарбияланувчилари, аёллар ташкилотлари вакиллари, Фонд Форумнинг грант лойиҳалари лауреатлари ва фаол иштирокчилари, ёшлар, маданият ва санъат арбоблари ҳамда ОАВ вакилларига бепул тарқатилди. Шу тариқа, 4 минг нафарга яқин одам бепул равишда концерт қатнашчисига айланишди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Болалар фестивали ва ижтимоий лойиҳалар лауреатлари бир саҳнада