2011 йил 13 март

”Ибн Сино: ўзбекистонлик ёш истеъдодларнинг Буюк Британиядаги форуми” илмий-амалий анжумани 12-13 март кунлари Кембриж шаҳрида (Буюк Британия) бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда мамлакатимиз ва Буюк Британиянинг етакчи олим ва мутахассислари, халқ табобати соҳаси экспертлари, Қиролликда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, жами — 50 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Лойиҳа Гулнора Каримова бошчилигидаги Фонд Форум, Сиёсий тадқиқотлар маркази, Абу Али ибн Сино (Авиценна) номидаги халқаро халқ табобати уюшмаси ҳамда Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми, Британия-Ўзбекистон ҳамжамияти, мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси, Tethys Petroleum компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуман доирасида 2010 йилнинг январь ойида Тошкентда асос солинган Абу Али ибн Сино (Авиценна) номидаги халқаро халқ табобати уюшмаси фаолияти тақдимоти ўтказилди. Уюшма фаолияти шарқона тиббиёт асосларини қайта тиклаш, сақлаб қолиш ва такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби мақсадларни кўзда тутади. Тақдимотдан кейин ўтказилган анъанавий табобат мавзусидаги давра суҳбатида Кембриж университети профессори, Нобель мукофоти лауреати Брайан Жозефсон, шарқона табобат бўйича мутахассис Мадан Тангавелу, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми эксперти Барбара Потрата сингари британиялик кўзга кўринган олимлар ва амалиётчилар иштирок этишди.
“Анъанавий табобатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг илмий асослаб берилган услублари бисёр. Ибн Сино сингари буюк мутафаккирлар мероси ва шарқона табобат соҳасида эришилган ютуқлар замонавий амалиётда ҳали тўлиқ қўлланилмаган. Бир неча асрлар муқаддам Шарқда кашф этилган илмлар Ғарбда эндигина ўзлаштирилиш арафасида тургани ҳам эътиборга моликдир”, - таъкидлади профессор Джозефсон.
Тадбирнинг Наврўзга бағишланган қисмида Кембрижда тахсил олаётган марказий осиёлик талабалар чиқиш қилишди. Тадбирда 200 нафардан ортиқ дипломатик корпус вакиллари, академиклар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
”Ибн Сино: ўзбекистонлик ёш истеъдодларнинг Буюк Британиядаги форуми” илмий-амалий анжуманининг ўзига хослиги шундан иборатки, у британиялик ва ўзбекистонлик олимлар тадқиқотлари ва илмий ютуқларига бағишланган илк кенгқамровли тадбир бўлди. Иштирокчилар таъкидлаганидек, форум авлодлар учрашуви, фаннинг турли соҳаларида шарқона ва ғарбона ёндошув чорраҳасига айланди.
Астрономия соҳасидаги таниқли олимлардан бири, Тринити Коллеж профессори Лорд Мартин Рис шундай деди: “Илмда ўзига хос фикр юритишнинг аҳамияти катта. Ғарбликлар бир томонлама ёндошувга кўникиб қолишган. Ўзбекистонлик олимларнинг тадқиқотлари мени ҳайратга солади. Мунозаралар дўстона ва самимий ўтди. Ўзбекистон ва Буюк Британия илм-фан доиралари ўртасидаги алоқа ва ҳамкорлик муносабатлари янада ривожланиб, янги паллага кўтарилади, деб ишонаман”.
Мавзу бўйича янгиликлар
Далиан Иқтисодий Форуми