2011 йил 12 апрел

12 апрель куни Мадрид шаҳрида Фонд Форум, Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигидаги элчихонаси, Испаниянинг “Repsol” компанияси томонидан ташкил этилган “Самарқанд: Буюк Ипак йўли дурдоналари” деб номланган ўзбек маданияти кечаси ўтказилди. Тадбирда юртимизнинг Испания Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, профессор Гулнора Каримова сўзга чиқди: “Самарқанд халқларимиз ўртасидаги дастлабки муносабатларга асос солинган шаҳардир. Бундан қарийб 600 йил муқаддам - 1404 йилда буюк Амир Темур ва шоҳ Энрике III ўртасида дипломатик алоқаларга асос солиш мақсадида испан элчиси Руи Гонсалез Самарқандга йўл олади. Айтиш керакки, айни ташриф, халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва иқтисодий алоқаларнинг тамал тоши бўлди”.
Тадбирда Испания Қироллигининг 200 дан ортиқ сиёсий, ижтимоий, маданий ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этишди. Улар орасида “Repsol”, “Talgo”, “Abengoa”, “Indra”, “Iberdrola”, “Duro Felguera” сингари йирик ташкилотлар раҳбарлари бор.
Ўзбекистон тарихий мероси ва анъаналари турли йўналишлардаги учта экспозицияда тақдим этилди.
Биринчиси — ноёб тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаси доирасида сўзаналар, дўппилар, Ғарбий Европада илк маротаба экспозицияга қўйилган Бухоро амири халати (XIX аср) ва Бухоро санъат музейи тўпламидан олинган салла, И. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи тўпламидан аёллар бош кийими ҳамда замонавий экспонатлар – мато тўқишнинг қадимий ноёб технологиялари асосида GULI ижодий студияси томонидан ишлаб чиқарилган анъанавий ўзбек матолари тақдим этилди.
“Қадим Самарқанд” фотосуратлар кўргазмаси доирасида эса XIX аср охири - XX аср бошига оид (Фонд Форумнинг “Ўзбек фотографиясига 125 йил” тўпламидан) суратлар тақдим этилиб, унда маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи ва шаҳарнинг нодир тарихий ёдгорликлари акс этган.
Яна бир фотокўргазма доирасида “Самарқанд меъморий эпиграфика дурдоналари” китоби тақдимоти ўтказилиб, унда махсус шаклдаги фотоэкспозиция йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳар бир фотосуратда Самарқанддаги эпиграфика ёзуви туширилган қадимий меъморий бинолар сурати тақдим этилиб, ушбу ёзувларнинг испан ва инглиз тилларидаги батафсил таржималари тақдим этилди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Далиан Иқтисодий Форуми