2010 йил 11 октябр

Вақтга нисбий дея таъриф беришлари бежиз эмас. Аслида бир кунни соатлар билан ўлчаш ҳам нисбийликка киради. Масалан, Гулнора Каримова ташаббуси билан мамлакатимизда қулоч ёзган Art Week Style.Uz ҳафталиги доирасида бир кун мобайнида ўтказиладиган ҳодисалар ҳамда таассуротлар камида уч кунлик муддатга арзийди, десак муболаға қилмаган бўлардик. Ҳафталикдан ташқаридаги ҳодисалар билан озгина андармон бўлиб қолсангиз, тамом, қайсидир тадбир, лойиҳа, кеча, намойиш ёки тақдимотдан мосуво бўлган бўласиз. Иштирокчиларнинг эса биронта ҳам ходисани ўтказиб юборгилари келмайди. Чунки тадбирларнинг ҳар бири ўзига хос равишда гўзал, бектакрор, қизиқарли ва ноёбдир. Мана, масалан, ҳафталикнинг учинчи кунини олиб кўрайлик. Ушбу кунда MaxMara брендидан либослар намойиши, London College of Fashionдан маҳорат дарслари, давра суҳбати, «Акция 14» ҳайрия тадбири, MEROS антикварлар уюшмасининг Буюк Британиянинг қадимий Duke's auctioneers аукцион уйи билан ҳамкорликдаги кимошди савдоси ҳамда пойтахтимизнинг энг яхши ресторанлари салоҳиятини намойиш этувчи ҳафталикнинг энг мазали қисми - «Гастрономик таҳлил» сингари тадбирлар ўтказилди...
Учинчи кун дарслар билан бошланди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Британиянинг London College of Fashion коллежи мутахассислари шу куни тонгда ёш дизайнерлар ва ихтисослашган коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари учун маҳорат дарси ўтказишди. Мазкур сабоқнинг назарий қисмида London College of Fashion дастурлари директори Сара Аткинсон ҳамда Коллеж дастурлари куратори Натали Браун либос дизайнини яратиш бўйича тақдимот ўтказиб, у ёки бу услубларнинг Marc Jacobs ва Damir Doma томонидан амалда қандай жорий эттирилганини акс эттирувчи слайд-шоуларни намойиш этишди. Оддий дизайнни яратиш учун қоғоздан ишланган 4 та эскиз маҳорат дарси иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Маҳорат дарси муаллимлари олган сабоқларини шу ернинг ўзидаёқ амалиётга тадбиқ эта бошлашди. Улар либос моделлари чизгисини яратишди.
Худди шу мода коллежи вакиллари Фонд Форум ва Британия Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган "Диалог: таълим ва бизнес" мавзусига бағишланган давра суҳбатида ҳам иштирок этишди. Давра суҳбатининг асосий мақсади мамлакат иқтисодида хусусий тадбиркорлик ҳиссасини ошириш ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорликда юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилиш ва бу соҳада Британия тажрибасини кўриб чиқиш бўлди.
Таълимий-назарий қисм MaxMara мода уйидан либослар намойиши билан давом этди. MaxMara бутун дунёга таниқли брендлардан бири ҳисоланиб, у гўзаллик қурбонлик талаб этади, деган ибора ноўрин эканлигини исботлашга уринади. Кундалик ҳаёт, байрам ва тантаналарга либос танлаётган аёллар қулайлик ва бежиримлик ўртасида сарсон бўлмасликлари учун мазкур брэнд дизайнерлари бор маҳоратларини ишга солдилар. Намойишнинг биринчи қисми ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу мода уйининг либослари қулайлиги ва эътиборни ўзига тортиши билан ажралиб туриши маълум бўлди. V-симон шаклда тикилган бежирим пальтолар, кулранг, қора ва қўрғир рангдаги либослар - буларнинг ҳаммаси аёлларга ўзларини нафақат эркин ва қулай, айни пайтда жозибадор ҳис этишларига ёрдам бериши шубҳасиз.
Кўкрак бези саратони билан хасталанган аёлларни даволашга қаратилган «Акция 14» шу кун тадбирлари орасида алоҳида ажралиб турди. Мазкур сана бутун дунёда йигирма йилдирки, кўкрак бези саратонига қарши кураш куни, дея эътироф этилиши лойиҳага алоҳида долзарблик бағишлади. «Акции 14» ғояси кўкрак бези саратони билан касалланган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа акциялар натижасида яралган эди. Шу йилнинг май ойида Фонд Форум Аёллар кенгаши ва ушбу бирлашманинг қўллаб-қувватлаши натижасида ташкил этилган Ҳаёт учун кўкрак бези саратони миллий уюшмаси мамлакатимизда илк маротаба пуштиранг тасма рамзи остида ҳайрия Форум-марафони ташкил этди. Унда 5 минг нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Йиғилган маблағларнинг барчаси республикамиз вилоятларидаги аёлларни текшириш, кўкрак саратони билан оғриган аёлларга дори-дармон етказиб бериш ишларига сарфланди. Марафон натижасида аёлларга ташхис қўйиш учун ўтказилган акциялар доирасида 2 минг нафар текширувдан ўтган. Афсуски, касалланган барча инсонларга бирдек ёрдам қўлини чўзишнинг имкони йўқ. Шу боисдан ҳам ташкилотчилар мамлакатимизнинг 12 вилояти, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасидан биридан биттадан аёлни танлаб олиш ва маблағ йиғиш учун махсус акция қилишга қарор қилишди. Тиббий кўрсаткичлардан ташқари аёлларнинг ижтимоий ва оилавий аҳволи: молиявий етишмовчилик, бевалик, ёлғиз ёки кўпфарзандлилик каби ҳолатлари инобатга олинди. Кимошди савдосига 8 та лот қўйилиб, улар машҳур ўзбек модельерлари, интерьер ҳамда аксессуарлар дизайнерлари томонидан тақдим этилган эди. Меҳмонлар фаол иштирок этишди. Баъзи лотлар учун ҳақиқий кураш бошланди, десак муболаға бўлмайди. Барчани бир мақсад - муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш ғояси бирлаштириб турарди.
Шу куни ўтказилган яна бир кимоши савдоси нисбатан ихчам бинода ўтказилган бўлса-да, кўзлаган мақсади билан аввалгисидан қолишмади. Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлайлик. Гулнора Каримова ташаббуси билан Фонд Форум асосида ташкил этилган «MEROS» антикварлар уюшмаси илк маротаба биргина йўналиш - анъаналар посбони бўлган миллий тўқимачиликка бағишланган кимошди савдоси ўтказишга қарор қилди. Махсус технологиялар асосида қўлда яратилган миллий ва махсус бўёқларга бўялган тўқимачилик маҳсулотларини санъат асарлари даражасидадир. Матолардаги ранг ва нақшлар уйғунлиги ҳар бир намунага бетакрорлик бағишланган. Кимошди савдоларидан тушган маблағ «MEROS» уюшмаси томонидан тарихий-маданий меросни ўрганиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлар ва археологик қазилма ишлари олиб боришга сарфланади. Энг яхши археологлар, тарихчи ва олимлар, Тошкент ва Самарқанд миллий университетлари ёш мутахассислари ва талабалари, Келажак овози ёшлар ташаббуслари маркази фаоллари ушбу тадқиқот жараёнига жалб этилган. Кимошди савдоси доирасида рус ва ўзбек тилларидаги Ўзбекистон амалий санъати: қадриятлар юксалиши каталогининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Кун якуни эса Санъат ҳафталигидан бир неча кун муқаддам бошланган яна бир лойиҳа Teatre.uz, халқаро театр фестивали учун якуний босқичга айланди. Ушбу лойиҳа доирасида ўзбек театр мухлислари Исроил, Греция, Украина, Россия, Италия театрлари вакиллари чиқишларини томоша қилишди. Санъат арбобларининг фикрича, Фестиваль анча вақтдан бери кутилган бўлиб, янги театр лойиҳасининг дебочасига айланди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и