2011 йил 25 октябр

Art Week Style.uz-2011 энг қизиқ паллада. 25 октябрь — санъат хафталигининг учинчи куни машҳур брендлардан либослар намойишлари, ёшлар учун маҳорат дарслари, Chopard заргарлик уйидан дефиле ва Миллий тўқимачилик галереяси тақдимоти бўлиб ўтди. “Гедонизм эстетикаси: таом, тана, руҳ” кўргазмаси ва “Олтин гепард” Биринчи Тошкент халқаро кинофорумининг ёпилиш маросими куннинг энг ёрқин тадбирларига айланди.
Куннинг биринчи ярмида бўлиб ўтган тадбирлар ёшлар ва тўқимачилик саноатининг вакиллари учун кутилган лойиҳа эди. 25 октябрь куни Ёшлар ижод саройида Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталиги доирасида Ўзбекистондаги Британия кенгаши, Лондон мода коллежи ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан "Мода саноати ва касбий таълим тизими" мавзусида давра суҳбатини ўтказилди. Тадбирда Буюк Британия қироллик санъат коллежи, Кореянинг Кимюн университети қошидаги мода коллежи, Лионнинг Martiniere Diderot лицейи вакиллари, шунингдек, Ўзбекистондаги вазирликлар, ўқув муассасалари, иш берувчилар ҳамда мода саноати мутахасислари иштирок этди. Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистонда тўқимачилик ва мода саноатини ривожлантириш борасида фикр ва мулоҳаза юритиб, мода саноати касбий таълим тизими ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритдилар.
Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистоннинг ёш истеъдод эгалари ҳамда Буюк Британия, Франция, Голландия, Туркия ва Россиянинг таниқли рассомлари ишларини жамлаган “Гедонизм эстетикаси: таом, тана, руҳ” халқаро кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ташриф буюрганлар боқий мавзулардан бири – ҳотиржамлик шакл ва кўринишларини ўзида мужассам этган ажойиб экспозициянинг гувоҳи бўлишди.
Рассом ва томошабинларнинг гедонизм мезонлари ҳақидаги фикрларини қайта баҳолаш ва уни тўлароқ тушунишлари йўлида восита бўлиши мақсад қилинган мазкур кўргазма Биеннале дастурининг энг йирик ва диққатга сазовор лойиҳаларидан биридир. Унинг очилиш маросимида Фонд Форум Васийлик кенгаши аъзоси, Рассомлар халқаро конфедерацияси ижроия қўмитаси раиси Масут Фатхулин (Россия), тележурналист Сергей Шолохов (Россия), Тошкентдаги Гёте институти директори Йоханнес Даль, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов, Биеннале директори ёш санъатшунос Сардор Бобоев иштирок этиб, йиғилган меҳмонларни қизғин қутлашди. Улар гедонизм тушунчаси борасидаги олдинги қарашларни қайта шакллантириш зарурлиги, жаҳон рассомчилигида рўй бераётган жараёнлар ва бугунги муаллифлар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапиришди. Бу вазифаларни ҳал этиш учун рассомлар этик ва эстетик позицияни йўқотмаган ҳолда ноодатий ечим қидиришлари лозимлиги таъкидланди. Бу эса гедонизм таълимоти билан чамбарчас боғлиқдир.
Art Week Style.uz-2011 санъат хафталигининг учинчи куни Миллий тўқимачилик галереясида Ўзбекистоннинг истеъдодли, қўли гул усталари томонидан – тўқимачилик санъати намуналари, қўл меҳнати асосида таёрланган гиламлар, ипак матолар, замонавий либослар ва аксессуарлар, бетакрор нақшлар, сўзана ҳамда анъанавий кашталар намойиш этилди. Шунингдек, мавзуга оид фотосуратлар ва инсталляциялар экспозицияни тўлдирган.
Бундай ўзига хос гўзаллик, услуб, шакл ва нақшлар киши кўзини қувонтиради. Улар орасида кашта билан тикилган либослар, аёллар кийимлари, шарфлар, дўппилар, замонавий пошнали этиклар, сумкалар, ёстиқлар ва миллий гул безаклари - Ўзбекистон каштадўзлик санъатини бутун дунёга машҳур қилган рангли ҳамда олтин ипларидан фойдаланилган. Миллий услубда безатилган галерея, қадимий намуналар асосида тайёрланган тўқимачилик дастгоҳи сингари ғайриоддий инсталляциялар, ўтган аср тўқимачилик усталари фотосуратлари кўргазмага зеб бериб, миллий услуб тараннум этилган. Буларнинг ҳеч бири меҳмонларнинг эътиборидан четда қолмади.
Corneliani – эркаклар либослари ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, Италиянинг энг яхши классик мода маркалари ўнталигига киради. Учинчи куни Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталиги доирасида ушбу бренднинг куз-қиш мавсумига мўлжалланган тўплами Ёшлар ижод саройида намойиш этилди. Подиумда намойиш этилган 20 дан ортиқ моделлар костюмга фақат расмий либос сифатида ёндошувчилар фикрини тубдан ўзгартириб юборди. Ҳар бир модель алоҳида образ яратиб, эркаклар либослари тарихида янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмайди.
Куннинг иккинчи ярмида ўша алвон йўлакча, фотокамера чироқлари, юзлаб меҳмонлар, минглаб томошабинлар, ўнлаб журналистлар ва ҳаяжонга тўла давра. Ҳаммаси худди бошланишидагидек. Фақат бу якуний кун “Олтин гепард” биринчи Тошкент халқаро кинофорумининг ғолиб ва лауреатлари эълон қилинадиган кун. Айнан шундай ҳиссиётлар билан Ёшлар ижод саройида Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталиги доирасида “Олтин гепард” Биринчи Тошкент халқаро кинофорумининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталигининг учинчи кунини дунёга машҳур Швецария бренди — Chopard буюмлари кўргазмаси ва анъанавий заргарлик тақинчоқлари дефилеси якунлади. Тақдимот 25 октябрь куни пойтахтимиздаги Radisson меҳмонхонасида компания вице-президенти ва директори Каролин Шойфеле иштирокида бўлиб ўтди. Бу йил анъанага кўра, кўпчиликка севимли бренднинг “ташриф қоғози” ҳисобланувчи тақинчоқ ва соатлар намойиши, шунингдек, заргарлик буюмлари дефилеси бўлиб ўтди. 4 йилдирки, Chopard заргарлик бренди Art Week Style.uz санъат ҳафталиги доирасида бевосита Шойфеле хоним иштирокида ўзининг унутилмас кечаларини тақдим этмоқда.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и