2011 йил 31 январ

31 январь куни пойтахтимизда ўтказилган Ёш тадбиркорлар форумида Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова Ёш тадбиркорлар мактабининг 20 нафар битирувчисига грантлар тақдим этди. Фонд Форум, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Микромолиявий ташкилотлар ва кредит уюшмалари миллий ассоциацияси, Британия Кенгашининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда 400 нафардан ортиқ ёшлар ва мутахассислар иштирок этишди. Шунингдек, тадбир доирасида 28 нафар аёл чекка ҳудудларда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун микрокредитларни қўлга киритишди.
Кун бўйи давом этган Ёш тадбиркорлар форумини асосан учта қисмга бўлинди.
Биринчи қисмда молия соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан тренинглар ўтказилди. “Кредитлаштириш” йўналишида ўтказилган тренингда Ёш тадбиркорлар мактаби иштирокчилари мазкур соҳа бўйича батафсил ахборот олиш имконига эга бўлишди. “Солиққа тортиш” йўналишида эса тингловчилар мамлакатимизда солиққа тортиш қонунчилиги ва унинг амалдаги ижроси билан танишишди. Қолаверса, “Молиявий таълим” йўналишида ушбу соҳада таҳсил олиш имкониятлари кенг ёритиб берилди.
Айтиб ўтиш керакки, Форумда иштирок этиш учун ишбилармон доира вакиллари, иқтидорли ёшлар, профессорлар, вазирлар, илм-фан соҳаси вакиллари, мамлакатимизнинг етакчи банклари, ҳалқаро ташкилотлар, тижорат молия институтлари вакиллари, журналистлар, шунингдек, Буюк Британия, Япония, Германия, Ҳиндистон давлатларидан мутахассислар таклиф этилган эди.
Тадбирнинг иккинчи қисми маърузалар, фойдали ахборотлар, фикр ва ғоялар алмашинувига бой бўлди.
Осиё Тараққиёт Банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси раҳбари Казухико Хигучи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Актам Хаитов, Марказий Банк раиси ўринбосари Шуҳрат Ҳайдаров, Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, Солиқ академияси ректори Эркин Гадоев, «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик банки раиси Жамшид Сайфиддинов, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Танзила Норбоева сингари мутахассисларнинг чиқишларида молия, меҳнат ва кадрлар, солиқ соҳаларининг бугунги аҳволи, истиқбол ва режалар муҳокама этилди. Ушбу маълумотлар ўз бизнес-режаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш истагида бўлган ёш тадбиркорлар учун қўл келиши табиий.
Шундан сўнг Ёш тадбирқорлар мактаби битирувчилари мактаб фаолияти ва эришилган ютуқлар ҳақида нуфузли мутахассисларга ҳисобот тақдим этишди. Ёш тадбиркор Турсунхўжа Юнусхўжаев Мактаб тақдимотини ўтказди. Шу билан бирга иштирокчилар Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишиш имконига ҳам эга бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган вақт мобайнида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурида 3500 дан зиёд ёшлар иштирок этишди. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 150 га яқин йигит-қиз эса мактаб битирувчиларига айланишди. Бугунга келиб, уларнинг 32% ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб улгурди, 14% эса бизнес мураббийларга айланишди. Бундан ташқари, лойиҳада иштирок этган ёшларнинг 19% юртимиздаги етакчи компанияларда фаолият олиб боришмоқда, 11% ёш тадбиркор ўз мустақил фаолиятини бошлаш арафасида турибди. Тадбир сўнгида 20 нафар таҳсилни муваффақиятли адо этган ёш тадбиркорларга 20 млн. миқдорида грантлар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Ёшлар форуми доирасида лойиҳанинг 10 нафар битирувчиси умумий ҳисобда 10 миллион сўмлик грантларни қўлга киритган эди. Уч нафар ғолиб эса чет элда малака ошириб қайтди. Шунингдек, дастур доирасида ўз ишини эндигина бошлаётган ёш тадбиркорлар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатиш, уларнинг малакаларини мунтазам равишда ошириб бориш мақсадида Бизнес-клуб ташкил этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Инновацион бизнес-ғояларни амалга ошириш орқали аёлларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. «Аёллар кенгаши» РЖБ, «Меҳр нури» жамғармаси ҳамда Микрокредит ташкилотлар ва кредит уюшмалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур дастур доирасида мамлакатимиз бўйлаб 28 нафар аёлга умумий қиймати 182,7 млн. сўмлик микрокредитлар топширилди.
Тадбирнинг якуний қисмида эса мактаб битирувчиси, бугунги кунда тадбиркор Артем Расулов лойиҳа тақдим этган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.
Хорижликлардан Томас Кунце (К. Аденауэр фондининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ваколатхонаси) ҳамда маҳаллий мутахассислардан Олий Мажлис қошидаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов Мактабнинг умумий тадбиркорлик фаолиятига таъсири хусусидаги ижобий фикрларини билдиришди. Бош вазир ўрибосари Абдулла Арипов мамлакатимиздаги тадбиркорлик муҳитига умумий баҳо берди.
Тадбир сўнгида Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси, профессор Гулнора Каримова ўтказилган форум натижалари хусусида фикр юритди. Шунингдек, у банк соҳаси мутахассислари билан бирга Ёш тадбиркорлар мактабининг 20 нафар битирувчисига умумий қиймати 20 млн. сўмга тенг грантлар тақдим этди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Ўзбекистоннинг маданий мероси: ҳаттотлик ва меъморий эпиграфика санъати илмий анжуманини