Гулнора Каримова

Theatre.UZ/2011 фестивали очилиши

2011 йил 17 октябр

Theatre.UZ/2011 фестивали очилиши

17 октябрь куни Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида Theatre.UZ/2011 халқаро театр фестивали тантанали равишда ўз ишини бошлади. Бу йил фестиваль кўлами анча кенгайди. 10 кун давомида Ўзбекистоннинг 8 та театри саҳналарида 26 та спектакль намойиш этилади. Фестиваль “Рус саҳнаси” («Русская сцена») Берлин театри ижросидаги таниқли япон ёзувчиси ва драматурги Юкио Мисиманинг “Ниқоб тавбаси” («Исповедь маски») спектакли билан очилди. Фонд Форум, Ўзбекистон Ёшлар театри ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган мазкур фестиваль Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталигининг йирик лойиҳаларидан биридир. Theatre.UZ/2011 фестивали ёпилиши анъанага кўра, Art Week Style.uz санъат ҳафталиги доирасида 26 октябрь куни соат 18.00 да Миллий санъат марказида бўлиб ўтади.

Атиги бир йил аввал бошланган мазкур фестивал нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа мамлакатлари театршунослари эътибори ва қизиқишини қозонди. Очилиш куни узоқ кутилган ҳодисага шоҳид бўлиш мақсадида кўплаб театр санъати мухлислари йиғилди. Theatre.UZ нинг асосий ғояси Шарқ ва Ғарб анъаналарини туташтирган Буюк ипак йўли орқали кесишган халқлар тарихини акс эттириш бўлиб, маросимни очиб берган рақс жамоасининг ёрқин ва унутилмас чиқишида ҳам буни кўриш мумкин.

Бу йилги фестиваль юртимиз ва хорижий спектакллар намойиши, жаҳон театр санъати вакиллари иштирокидаги учрашувларга бой бўлиши ваъда қилинмоқда. Ўз саҳна асарларини қўйишга тайёр иштирокчилар сони эса тобора ошиб бормоқда.

Theatre.UZ/2011 нинг илк намойиши “Рус саҳнаси” («Русская сцена») Берлин театри ижросидаги таниқли япон ёзувчиси ва драматурги Юкио Мисиманинг “Ниқоб тавбаси” («Исповедь маски») спектакли бўлди. Бу асар ўз уйи деворларига омад ва мувафаққият ниқобларини отиб, болаликнинг маҳзун хотираларини ёдга олувчи ҳурматли инсон ҳақида ҳикоя қилади. Бир актёр иштирокидаги спектакль ─ театр санъатининг энг мураккаб жанрларидан биридир. Бироқ Берлин театри актёри Андрэ Мошой инсон ички кечинмалари, қайғулари, қалбида пўртана ураётган туйғуларни бор бўй-басти билан кўрсатиб, томошабинни асар қаҳрамони билан бирга қайғуриб, бирга хурсанд бўлишга мажбур этди ва актёрлик маҳоратининг юқори даражасини намойиш қилди. Ушбу спектакль фестиваль қатнашчилари ва бундан кейин қўйиладиган асарлар даражасидан дарак бериб турибди.

Наби Абдурахмонов, Ўзбекистон Ёшлар театри ва Theatre.UZ/2011 фестивали бадиий раҳбари:

- Иккинчи бор ўтказилаётган ушбу фестиваль, аввало, ёшларга қаратилган. Фестиваль ─ уларга жанр ва услубда чекланмаган ҳолда ўрганиш, изланиш мумкин бўлган маконни яратади. Бу йил ёш соҳа вакиллари билимини ошириш учун саҳна нутқи бўйича Санкт-Петербургдан малакали мутахассис, Германиядан режиссёр ва хореографлар таклиф этилган. Фестиваль давомида спектакль намойишларидан ташқари маҳорат дарслари ҳам ўтказилиб, бу ёшларимизга жаҳон театр санъати намоёндалари билан кўришиш имконини беради. Фестиваль 3 қисмга бўлинган бўлиб, унинг сўнгиси халқаро форумдир. Мустақиллик йилларида санъатнинг эркин ривожланиши натижаларини бир-биримиз билан бўлишиш, олдимизда турган муаммолар ва уларнинг ечимини муҳокама қилиш мақсадида алоҳида форум ташкил этишни режалаштирдик. Theatre.UZ/2011 фестивали театр санъатига дахлдор барчанинг бир жойда жам бўлиши учун қулай имкониятдир. Фестивалдан кўзланган мақсад ҳам аввало, режиссёр ва актёрларимизга, хусусан, ёшларга ижодий туртки бериш ҳамда янги фикрлар, ғоялар пайдо бўлишига муҳит яратиш. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва фестивалнинг барча ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман. Бу ишларнинг барчасини санъатимиз янада ривожланиши учун ягона жамоа бўлиб амалга оширмоқдамиз.

Бу йил фестиваль кўлами анча кенгайди. Унда нафақат пойтахтимиз ва вилоят театрлари, балки Буюк Британия, Германия, Исроил, Украина, Озарбайжон ва Тожикистон театрлари ҳам қатнашади. Шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирокидаги маҳорат дарслари ва янги лойиҳа тақдимотларини ўз ичига олган халқаро форум ўтказилиши режалаштирилган. Бу йилги фестиваль дастури ҳам ўтган йилгига нисбатан анча бой. Юқорида таъкидланганидек, 10 кун давомида Ўзбекистоннинг 8 та театри саҳналарида 26 та спектакль намойиш этилади. Ўзбекистон Ёшлар театри, Ўзбекистон Рус академик драма театри, Тошкент Давлат мусиқали комедия театри (Оперетты), Республика ёш томошабинлар театри, Ўзбек Давлат драма театри, Ўзбек Миллий академик драма театри, “Дийдор” театр-студияси ва “Туркистон” санъат саройи шулар жумласидан.

Уильям Шекспир, Алишер Навоий, Ханс Кристиан Андерсен, Николай Гоголь, Александр Островский сингари дунё тан олган ёзувчиларнинг асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар намойиш этилар экан, улар орасида “Лайли ва Мажнун”, “Медея”, “Бальзаминовнинг уйланиши” (“Женитьба Бальзаминова”), “Майсаранинг иши”(Сулаймон Юдаков)─машҳур ўзбек комедияли операси ва бошқа спектаклларни алоҳида санаш лозим. Қолаверса, Ўзбекистон ва Германиянинг биргаликдаги “Эгизаклар” (Ф. Людвиг) спектакли, Ўзбек-Британия лойиҳаси бўлмиш Алишер Навоий ҳамда Шекспир асари асосидаги “Қисса йўқдур бундан маҳзунроқ...” (“Нет повести печальнее…”) спектакли эскизи, Симферополь Қрым-татар Академик мусиқий драма театри ва Ўзбекистон Миллий академик театри (Украина-Ўзбекистон) қўшма лойиҳаси “Танҳо юлдуз” (“Одинокая звезда”) спектакли каби ўзбек, хориж театрларининг ҳамкорликдаги лойиҳалари ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Бу йилги фестиваль репертуари ранг-баранг. Дастурдан ўрин олган чуқур маънога йўғрилиб, боқий мавзуларга бағишланган турли жанрдаги спектакллар энг талабчан томошабинни ҳам бефарқ қолдирмайди. Бу йил намойишлар рус, ўзбек, озарбайжон ва иврит тилларида бўлиб ўтади. Шунингдек, сўзсиз спектакллар ҳам бор.

Иккинчи Theatre.UZ/2011 Халқаро театр фестивали давомида саҳна асарлари намойишидан ташқари Ўзбекистон Ёшлар театри, Ўзбекистон Давлат санъат институти ва Эстрада-цирк коллежида Буюк Британия, Исроил, Германия театрлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилади. Миллий матбуот марказида эса “Ўрта Осиёнинг дунё театрлари фаолиятида тутган ўрни ва роли. 20 йиллик эркин театр ривожланиши натижалари” Халқаро форуми бўлиб ўтади. Унда юртимиз ва хорижлик соҳа вакилларининг бир қатор лойиҳалари тақдим этилади.



Мавзу бўйича янгиликлар

Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и
Art Week Style.uz-2010дан ўзгача туҳфа. Ўзимиз ҳам намойиш этамиз, ўзгаларга ҳам назар ташлаймиз...
Art Week Style.uz -2011: бешинчи кун ёғдуси
Art Week Style.uz-2011: ҳайрат маконига ташриф
Art Week Style.uz-2011нинг иккинчи куни: мода, мусиқа ва кино...
Эрос Рамазотти. Хайрияга ҳисса қўшган концерт
Фестиваллар жуфтлиги: Theatre.UZ-2011нинг ёпилиш маросими
L`OFFICIELнинг “Марказий осиёча” талқини
Марко Перего ва Катрин Мете — Style.uz санъат ҳафталигидаги ёрқин ранглар
Олтинчи кун. Art Week Style.uz–2010 ни ниҳоялаб...
Санъат ҳафталиги бешинчи кунининг шодасида
Style.uz - 2009 Санъат ҳафталиги - маданият, санъат, мода ва ҳайрия тадбирлари
STYLE.UZ-2009 Стингнинг ҳайрия концерти ва грантлари
Тўртинчи кун: Кўргазмалардан фестивалларга қадар
Тўртинчи кўриниш...
Учинчи кун: санъат, услуб ва... алвон йўлакча!
Учинчи кун - санъат, мода, ҳайрия ва бошқалар...
Вақт ва Макон жумбоқлари
Монсеррат Кабалье GULI тақдимотида
Меҳмонлар китоби
© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup