2009 йил 17 октябр

Икки асосий банд — ҳайрия концерти ва истеъдодли болаларга грантлар — аввал бошданоқ Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг сўнгги кунлари Тошкентга ташриф буюраётган хонанда Стингнинг дастурига киритилган эди. Қатор ҳайрия лойиҳалари ва тадбирлар ташкилотчиси бўлган Гулнора Каримова хонандани ҳафталикка таклиф этган ва Стинг ташрифининг ҳайрия мақсадларини белгилаб берган эди.
“Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали ва “Келажак овози” истеъдодли ёшлар Республика танловининг ёрқин лауреатлари билан танишув Стингнинг Ўзбекистон билан юзлашувидаги илк босқичга айланди. Эркин ҳолатда бўлиб ўтган танишув чоғида ёш истеъдодлар жаҳон юлдузи қаршисидаги тортинчоқликни енгиб, Фонд Форум танловларининг муносиб лауреатлари эканликларини намойиш этишди. Уларнинг беш нафари махсус грантларни қўлга киритиш учун хонанданинг қўлидан дипломларни олишди.
Шу куни оқшомда Стингнинг концертига икки мингдан ортиқ томошабинлар гувоҳ бўлишди. Кимлардир Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг томошабинлар учун ажратилган ўриндиқларида концертдан бахраманд бўлишган бўлса, мингдан ортиқ мухлислар теар олдиган махсус ўрнатилган катта экранларда концертни томоша қилишди. Стингнинг концерти тўғридан-тўғри эфирга узатилди! Залдаги томошабинлар ҳам юмшоққина ўриндиқларда бамайлиҳотир ўтира олишмади. Сабрлари етмади... Концертнинг иккинчи қисмини, айниқса, сўнгги уч чиқишни ДАКТ катта залига йиғилганлар ҳам туриб томоша қилишди.
Баъзи ОАВларда таъкидланганидек, бу ҳавойи сўзлар эмас, балки ҳақиқий ҳайрия концерти эди. Концерт чипталарининг бир қисми Фонд Форумнинг ёшларга ва болаларга қаратилган танлов ва фестиваллари лауреатлари ҳамда иштирокчиларига, шунингдек, жамғарма фаолиятига ҳисса қўшиб келаётган фаолларга, мамлакатимизда хизмат кўрсатган маданият ва санъат арбобларига бепул тарқатилгани ҳам концертнинг ҳайрия мақсадларга бағишланганига мисол бўла олади. Иккинчидан, чипталар савдосидан тушган маблағ жамғарма томонидан мунтазам ўтказилувчи ҳайрия, грант лойиҳаларига сарфланиши расмий равишда аввалроқ эълон қилинган эди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и