2010 йил 15 октябр

15 октябрь куни Гулнора Каримова бошчилигидаги Сиёсий тадқиқотлар маркази ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма томонидан “Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш ҳолати ва истиқболлари” деб номланган халқаро экспертлар давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатимиз экспертлари билан бирга Буюк Британия, Эрон, Испания, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Сингапур, АҚШ, Туркия, Япониядан ташриф бюрган мутаҳассислар, олимлар, Афғонистон муаммоси ва минтақавий хавфсизликка ихтисослашган халқаро ташкилотлар ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этдилар.
Иштирокчилар Афғонистондаги харбий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, демографик ҳамда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ҳолатлар, мамлакатнинг чегара давлатлар хавфсизлигига таъсири, давлатдаги ички ҳолат ва унинг истиқболлари каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Ҳарбий-сиёсий вазиятга баҳо бериш борасида фикр билдирар экан мутаҳассилар ушбу муаммога ҳарбий йўллар орқали ечим излашнинг бесамар экани, Афғонистонда барқарор ҳолатни вужудга келтириш бўйича коалицион кучлар танлаган услуб кутилган натижани бермаётганини таъкидладилар.
Маълумки, афғон ҳукумати ва армиясига масъулият топширишнинг аниқ муддатлари эълон қилинганидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб толибонлар ҳаракатлари қайта жонланган. Бундай шароитларда афғон ҳукуматининг мамлакатда мустақил равишда барқарорликни таъминлаш, барча вилоятларда назорат ўрнатиш имкониятлари муҳимлигича қолмоқда.
Иштирокчилар халқаро наркокартелларнинг эркин фаолияти ҳақида фикр билдириб, ушбу долзарб муаммога қарши курашнинг самарали йўллари халигача топимаганлигини эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини алоҳида таъкидлашди.
Афғон муаммоси мамлакатда унинг ечимига ҳудудий ёндашув мавжуд эмаслиги оқибатида янада мураккаблашмоқда
Мавжуд вазиятларни инобатга олган ҳолда мамлакатда тинчлик-осойишталик ва барқарорлик ўрнатишнинг альтернатив йўлларини излаб топиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг 2008 йили Бухарестда ўтказилган НАТО/СЕАП саммити ҳамда шу йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 65-сессияси саммити доирасидаги нутқлари чоғида тилга олинган БМТ қошида “6+3” мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратишди.
Мазкур ташаббуснинг моҳияти шундан иборатки, Афғон ҳукумати афғон урушининг тезроқ якун топиши, барқарорлик ўрнатилиши ва гуллаб-яшнашидан манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликда ўз муаммолари ечимини излашга интилиши лозим.
Таклиф этилган механизмда Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлган олти давлат: Хитой, Покистон, Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамда афғон ва жаҳон сиёсатининг уч асосий субъекти — АҚШ, Россия ва НАТО асосий роль ўйнаши кўрсатиб ўтилган.
Мулоқот гуруҳининг ташкил этилиши натижасида Афғонистонда НАТО таъсири кучайтирилиб, халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатда вазият барқарорлашуви масаласига бир ёқадан бош чиқариб ёндашиши кутилган. Музокаралар жараёнида масалада Эрон давлати иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
“6+3” мулоқот гуруҳининг асосий мақсадларидан бири қарши томонларга Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш, мамлакатдаги пировард муаммолар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш бўйича самарали дастурни таклиф этишдир.
Мазкур гуруҳ БМТ қошидаги халқаро ҳамжамиятнинг маслаҳатхона идораси вазифасини бажариши кўзда тутилган.
Мунозаралар чоғида Афғонистонда давлат барпо этиш истиқболлари, тинчлик шароитида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш масалалалари ҳам ўртага ташланди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Ўзбекистоннинг маданий мероси: ҳаттотлик ва меъморий эпиграфика санъати илмий анжуманини