2009 йил 31 август

Гулнора Каримова 2009 йилнинг 30-31 август кунлари Словениянинг Блед шаҳрида ўтказилган “Иқтисодий инқироз сиёсати: Европа ва Осиёда иқтисодий ва геосиёсий ландшафтларни олдиндан аниқлаш” стратегик форумда иштирок этди. Шунингдек, ушбу форумда 21 асрда глобал бошқарув; Европа хавфсизлик тизими; иқтисодий инқирознинг хавфсизликка таъсири; Шарқий ҳудуд ва Каспий минтақасида ҳудудий чегаралар ҳосил қилиш орқали барқарорликни таъминлаш; Болқоннинг ғарбий ҳудудидаги иқтисодий муаммолар сингари масалалар ҳам кўтарилди.
Форумда Словения президенти Д.Тюрк, бош вазир Б.Пахор ҳамда ташқи ишлар вазири С.Жбогар, Македония бош вазири Н.Груевски, Люксембург бош вазир ўринбосари Ж.Ассельборн, Чехия парламенти спикери М.Влчек, БАА ташқи савдо вазири Шайх Лубна Ал-Қосимий, АҚШ давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари С.Джонс, БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси ижрочи котиби Я.Кубиш, ЕХҲТ бош котиби М.Бришамбо, шунингдек, Венгрия, Словакия, Туркия, Ҳиндистон, Хорватия, Албания ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа мамлакатларидаги йирик сиёсий-иқтисодий тадқиқот марказлари ва компаниялар раҳбарлари иштирок этишди.
Блед шаҳрида ҳар йили ўтадиган Стратегик форум 2006 йили Словения ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Европа истиқболи маркази ташаббуси билан ташкил этилган эди. Бу ердаги бахслар интерактив мулоқот тарзида ўтади. Форумнинг асосий вазифаси Европа ва Трансатлантика ҳамжамиятига таъсир ўтказаётган стратегик муаммоларни аниқлаш, улар асосида Европанинг ўз имкониятлари ва мавжуд маконларидан тўлалигича фойдаланиш учун янги стратегик режаларни ишлаб чиқиш ва жорий этишдир. Ушбу стратегик муаммоларни ҳал этиш учун давлатлараро ҳамкорликни янада яхшилаш форумнинг яна бир асосий вазифасига киради. Форумда ҳукуматлар, ички сиёсий ва иқтисодий идоралар раҳбарлари, шу қаторда Европа, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа қатор давлатларнинг сиёсатшунослари, парламентлари вакиллари ва тақдиқотчилари иштирок этишди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Далиан Иқтисодий Форуми