2011 йил 1 декабр

1 декабрь куни жаҳон ҳажамияти Халқаро ОИТСга қарши кураш кунини нишонлайди. Бугунги кунда инсониятга жиддий хавф туғдираётган мазкур муаммо ҳеч қайси мамлакат аҳолисини бефарқ қолдираётгани йўқ. Ўзбекистон ОИТВ\ОИТСга қарши курашга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган мамлакатлардан биридир. Шу ўринда касалликни профилактика қилишга қаратилган дастурларни ўтказиш, аҳоли хабардорлигини оширишда кўмак кўрсатаётган юртимиздаги жамоат ва нотижорат ташкилотларнинг роли катта эканини таъкидлаб ўтиш даркор. Ушбу мақсадлар 1 декабрь куни Ёшлар ижод саройида Гулнора Каримова бошчилигидаги Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди, Фонд Форум, “Келажак овози” ЁТМ ҳамда UNFPA, UNAIDSнинг юртимиздаги ваколатхоналари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари томонидан ўтказилган кенгамровли акцияда ўзининг ёрқин ифодасини топди. Акцияда ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ киши иширок этди.
Акция дастури турфа тадбирларни ўз ичига олди. Саройнинг экспозициялар учун мўлжалланган майдонида мавзуга оид фотосуратлар кўргазмаси иш бошлади, махсус стендларда ОИТВ\ОИТС соҳасида фаолият юритадиган ташкилотлар ҳақидаги ахборот материаллари тақдим этилди.
Акция давлат, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакилларининг чиқишлари билан давом этди. UNFPA, UNAIDS, БМТ ТР вакиллари соҳа бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар, хусусан, Фонд Форум, ИТҚФ сингари жамоат ташкилотларининг касаллик тарқалишини профилактика қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирдилар ва касаликка чалинганларни қўллаб-қувватлаш йўлида барчани бирдамликда ҳаракат қилишга чақирдилар.
Акцияда “Келажак овози” ЁТМ фаоллари, ўқувчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимиздаги нодавлат ташкилотлар (Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, “Ишонч ва ҳаёт”, “Истиқболли Авлод”, “Интилиш”), Республика ОИТСга қарши кураш маркази, журналистлар иштирок этишди.
Акция иштирокчилари ОИТСга қарши кураш рамзи бўлган қизил тасмаларни қўлларига тақиб, амалга оширилган ишлар ҳақида видеороликлар, ахборот материаллари ҳамда ёш фаолларнинг ушбу муаммога муносабатлари, аҳолининг хабардорлигини ошириш, уни профилактика қилиш усулларини яққол кўрсатиб берган саҳна кўринишлари намойиш этдилар.
Халқаро ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган акциялар юртимизда 2007 йилдан буён амалга оширилмоқда. Акциянинг асосий мақсади ОИТС/ОИТВ билан яшаётган инсонларга нисбатан толерант муносабатни шакллантириш зарурлигини уқтиради. Барча тушуниш, қўмак, қўллаб-қувватланиш ва парваришланишга ҳақли. ОИТС билан яшаётганлар ҳам шулар жумласидан. Тадбир Орттирилган иммунитет танқислиги вируси тарқалиши муаммосига эътибор қаратиш ва фуқароларнинг ўзи ҳамда яқинлари соғлиғига масъулияти даражасини ошириш мақсадини кўзлаган.
Ўзбек эстрада юлдузлари иштирокидаги концерт дастури билан якция ўз ниҳоясига етди. 29 ноябрь куни Фонд Форум кўмаги остида Успенский номидаги РИМАЛда “Мусиқа ОИТСга қарши” деб номланган акция ўтказилган, унда лицей ўқувчилари, “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали, республика ва халқаро танловлар лауреатлари иштирок этишган эди. Ёш мусиқачилар миллий, ғарб мусиқаси жаз ва хор ижролари сингари турли мусиқа жанрларида жами 12 та мусиқий чиқишлар намойиш этишган эди.
ИТҚФ ўзининг “Оилада саломатлик” лойиҳаси доирасида “Ишонч ва ҳаёт” ННТ билан ҳамкорлик қилаётган бўлса, “Ўзбекистонда ОИТС билан касалланган одамларнинг ҳаётий зарур бўлган хизматлар олиш имкониятини кенгайтириш: мутахассислар жамоасининг комплекс ёндошуви тизими орқали даволаш, парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда “тенг-тенггига” услубида маслаҳатчилар тайёрлаш” дастури бўйича ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш бўйича глобал фонд ҳамкори сифатида иштирок этмоқда. Лойиҳа географиясини кенгайтириш ва касалланганлар эҳтиёжларини қондириш мақсадида республикамизнинг 12 вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида мутахассислар жамоаси номзодларини саралаш ва баҳолаш ишлари олиб борилди. 7 та мутахассислар жамоаси (Тошкент шаҳрида 3 та, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Андижон вилоятларида биттадан) иши йўлга қўйилди. ОИТС билан касалланганларга турли хизматлар кўрсатишга қаратилган ташкилотлар хизмат тизими (ҳуқуқий маслаҳатлар, меҳнат биржалари ва бошқалар) яратилмоқда. Лойиҳа доирасида 1800 нафар касалланганларга руҳий-ижтимоий кўмак кўрсатиш ва сифатли тиббий-ижтимоий хизмат олишлари учун имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Шу йилнинг ноябрь ойи бошига кўра, ушбу фаолият доирасида 954 киши қамраб олинган. 2012 йилда ҳудудларда яна 7 та мутахассислар жамоаси ташкил этиш режалаштирилмоқда. Юртимиздаги ОИТСга учраганларни бирлаштириш, стереотиплар ва жамиятдан узоқлашишнинг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратилаяпти. ИТҚФ ҳудудларда тадбирлар ўтказишга кўмаклашиш, лойиҳа мониторингини олиб бориш ишлари билан шуғулланмоқда.
Мавзу бўйича янгиликлар
Гулнора Каримова ОИТС га қарши курашни қўллаб-қувватламоқда