2010 йил 24 декабр

24 декабрь куни Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган Фонд Форумнинг якуний онлайн анжумани йил якунлари, амалга оширилган лойиҳаларнинг самарадорлигини муҳокама қилиш, маданият ва санъат, арбоблари ҳамда кенг омма фикрини ўрганиш, шунингдек, 2011 йилги режа ва йўналишларни белгилаб олишга бағишланди. Унда жамғарма ҳамда ҳамкор ташкилотлар лойиҳалари иштирокчи ва ғолбилари, маданият, санъат, маориф, спорт, фан арбоблари, ва жамоат, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат жами 300 нафар киши қатнашди. Интернет фойдаланувчилар 3 218 та савол йўллашди. Бундан ташқари турли йўналишлар бўйича мунозаралар ҳам ўтказилди.
Он-лайн анжуман – йилнинг энг технологик лойиҳалардан бири бўлиб, жамғарманинг йил якунларини сарҳисоб қилишнинг ўзига хос янги услуби ҳисобланади. Ҳар йили Фонд Форум www.on-line.uz сайтида жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот беради. Бу йили анжуман бешинчи маротаба бўлиб ўтди.
Интернет фойдаланувчиларининг саволларига Фонд Форум ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, машҳур шахслар, эстрада ва кино юлдузлари, жамғарманинг лойиҳа ва дастурлари иштирокчилари – бир сўз билан айтганда, йил мобайнида ташкилот фаолиятига ўзининг ҳиссасини қўшган барча шахслар ва ташкилотлар жавоб беришди. Гулнора Каримова, Акбар Ҳакимов, Акмал Нур, Ҳолида Комилова, Элмира Аҳмедова, Абдухошим Исмоилов, Дилдора Жамолова, Акбар Ҳакимов, Мурод Ражабов, Наби Абдураҳмонов, Ҳадича Жафарова, Рашид Ҳолиқов, Зулайҳо Бойхонова, Райҳон, Ёдгор Носиров, Жахонгир Позилжонов, Денис Томилин, Канишка, Зиёда, Ойбек ва Нигора, Дилноза Кубаева, Фарруҳ Соипов, Жавоҳир Зокиров, Самандар, Улуғбек Раҳматуллаев, Сардор Раҳимхон, вазирликлар, халқаро, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар, спортчилар, олимлар, ўқитувчилар, журналистлар шулар жумласидандир.
2010 йилда Фонд Форум фаолияти анчайин самарали бўлди. У БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши ЭКОСОС қошидаги маслаҳатчи мақомига эга бўлди. БМТнинг мамлакатимиздаги Ахборот маркази (UNIC) ҳмда БМТ аҳолишунослик фонди (UNFPA) махсус тадбирда “Келажак овози” республика иқтидорли ёшлар танловини энг яхши ёшлар лойҳаси, дея эътироф этишди. Ёшлар студияси томонидан тайёрланган Фонд Форумнинг спорт лойиҳалари ҳақидаги фильм Милан шаҳрида ўтказиладиган Спорт фильмлари ва дастурлари фестивалида “Спорт ва маданият” номинациясида ғолиб бўлди. Халқаро Олимпия қўмитаси Жамғармага спорт, таълим ва маданият соҳаларидаги фаолияти учун “Спорт – ёшларни илҳомлантирувчи куч” мукофотини топширди.
Фонд Форум иккита янги ташкилот таъсис этган бўлиб, булар Абу Али ибн Сино (Авиценна) номидаги халқаро халқ табобати уюшмаси ҳамда “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмасидир. Халқаро халқ табобати уюшмасининг фаолияти шарқ табобатини қайта тиклаш, сақлаб қолиш ва тарғиб этиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантирилган қаратилган бўлса, “Ҳаёт учун” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси эса мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари саъй-ҳаракатлари билан аёллар репродуктив тизимининг кўкрак бези саратони ва бошқа онкологик касалликларни олдиндан аниқлаш, ташҳис қилиш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий-тиббий ва руҳий реабилитация қилишни яхшилашдир. Уюшма қисқа вақт ичида қатор салмоқли тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириб улгурди. 2010 йилнинг май ойида ўтказилган Ҳайрия Форум-марафонида 5 минг нафар иштирокчи қатнашди. Ундан тушган маблағ эса хасталанган аёллар учун дори-дармонга сарфланди. Лойиҳалар мобайнида 132 нафар аёл умумий қиймати 778 млн. сўмлик дорилар билан таъминланишди. Бундан ташқари юртимизнинг турли ҳудудларидаги 8,5 минг нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди.
2010 йил мобайнида Фонд Форум ҳамкор ташкилотлар билан бирга 400 дан ошиқ лойиҳа ташкил этган бўлиб, улар: юртимиз бўйлаб 68 та ёшлар акциялари, (шунингдек, “Келажак овози-2010” танлови доирасидаги тадбирлар); 94 та халқаро лойиҳа, уларнинг 44 таси Россия, Франция, Япония, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия, Корея Республикаси, Чехиянинг турли шаҳарларида; 37 та ҳайрия ва ижтимоий акциялар (шунингдек, мактаб, касалхона, болалар марказларини қайта таъмирлаш ишлари); 33 та ёшлар ижодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар (шунингдек, еттинчи “Янги авлод” фестивали); 35 та анжуман ва форумлар; Испания, Франция, Россия, Япония, Италия, Франция, Германия артистлари иштирокидаги 30 та концерт дастурлари; 8 та йирик фестиваллар ( булар “Асрлар Садоси”, “Янги авлод”, “Болажонлар-ширинтойлар”, «Навқирон Ўзбекистон”, Art Week Style.UZ санъат ҳафталиги доирасидаги Миллий либослар фестивали, Хон-атлас фестивали, “Дўстлар тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳамда илк “Theatre.UZ” халқаро театр фестивали); мода саноатини ривожлантиришга қаратлган 6 та тадбир, Art Week Style.uz, GULI ва ёш дизайнерларнинг Москва ҳамда Нью-Йорк шаҳарларидаги либослар намойишлари, “Дом стиля”дан мавсумий намойиш шулар жумласидандир; 15 та спорт акциялари. Буларга “Ҳаёт учун” ҳайрия форум-марафони, шохмот биринчиликлари, Тинчлик кунига бағишланган футбол турнирлари, “Форум юниор спорт” спорт мажмуаси тарбияланувчиларининг ушу ва гимнастика бўйича ғолибликлари кабилар киради.
Жамғарма Галина Пугаченкованинг “Улуғбек даври меъморчилиги”, “Хоразм танбур чизиғи”, “Ўзбекистон амалий санъати. Қадриятлар юксалиши” китоб-каталоги кабиларни нашр этиш билан бирга “Ёшлар” телеканали кўмаги билан “Ибн Сино” фильмини суратга олди.
Янги йил бўсағасида Фонд Форум Совринли Викторина доирасида юртимиз аҳолисига соврин ва совғалар топширишга киришди. Ноутбуклар, телевизорлар, DVD-плеерлар, соатлар, флеш-карта ва бошқа кўплаб совринлар қўйилган мазкур Викторинанинг уч нафар ғолибига 3 “Matiz” русамли автомобиль тақдим этилди.
Жамғарма ва ҳамкор ташкилотлар 2010 йилда умумий қиймати 710 млн. сўмга тенг 563 та грант топширишди. 5,4 млрд.сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. 1 миллиондан ортиқ одам лойиҳаларда қатнашди.
2011 йилда ўтказилиши режалаштирилган лойиҳалар орасида Тошкент Халқаро кинофестивалини алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз. Баҳорда ўтказилиши кутилаётган мазкур фестиваль турли халқлар кино санъати намояндаларини пойтахтимизда жамлайди. Шунингдек, “Bazar-Art” кўргазма-ярмаркаси, “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали, Art Week Style.Uz санъат ҳафталиги, “Йил аёли” танлови,хорижий тақдимотлар каби анъанавий лойиҳалар ўтказилади.
Жамғарма фаолияти ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий анъаналарини қайта тиклаш, етакчи жамоатчилик ва маданият арбобларининг ижодий салоҳиятини бирлаштириш, ёш истекдод ва иқтидор эгалари, ижодкор сулолаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. 2010 йилда Фонд Форум томонидан ўтказилган лойиҳалар бунинг ёрқин исботидир.
Мавзу бўйича янгиликлар
Ўзбекистоннинг маданий мероси: ҳаттотлик ва меъморий эпиграфика санъати илмий анжуманини