2010 йил 14 октябр

Art Week Style.uz нинг сўнгги куни аввалги кунларидек ёрқин ва шиддатли ўтиб, якунловчи тадбир лойиҳага нуқта қўймади. Аксинча, ундан сўнг кўпнуқта қўйилдики, у лойиҳанинг давоми бор эканидан яққол дарак бериб туради… Олтинчи куни турфа шаклдаги тадбирлар — россиялик рассомнинг маҳорат дарслари, Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро мусобақаси, “Дом Стиля”дан бош дефиле ҳамда ҳафталик натижаларига кўра лауреатларни тақдирлаш мароми, тенор Хосе Карерас концерти ва Chopardдан заргарлик тақдимоти ўтказилиб, улар ҳафталикнинг кўпқиррали эканини яна бир бор исботлади.
Россиялик машҳур рассом Александр Ишенконинг маҳорат дарслари куннинг ижодий қисмини бошлаб берди. Келиб чиқиши ўзбек бўлган ушбу рассомнинг ижоди эзгулик ва ёруғлик, яратувчанлик, ижобийлик, хамоҳангликка интилиш билан ажралиб туради. Маҳорат дарси мобайнида рассом маъруза иштирокчилари — рассомчиликка ихтисослашган олийгоҳлар, тўқимачилик ва бошқа ўқув юртлари дизайнерлик факультетлари талабалар билан биргаликда уларнинг асарларида йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилди. Натюрмортлар, коллажлар, интерьер фотосуратлари, заргарлик буюмлари, ойна безаклари, сўзана ва бошқа буюмларнинг бадиий безакларини таҳлил этар экан, Александр Ишенко асарларнинг композицион қурилиши, ранглар конфликтологияси ҳамда тасвирий санъатнинг бошқа мезонларига асосланган ҳолда уларни баҳолади.
Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро мусобақаси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Ҳиндистоннинг 5 дан 25 ёшгача иштирокчилардан иборат 43 жамоалар чиқишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати ва мухлислар эътиборига ҳавола этди. Ҳаммаси бўлиб 77 та рақс чиқиши намойиш этилганига қарамасдан, саҳнада ҳукмрон бўлган хилма-хиллик вақт ўтгани мутлақо сездирмади. Спорт-бал ҳамда халқ рақслари, street-dance, modern dance (free-style), спорт акробатикаси ҳамда бадиий гимнастика – буларнинг бари ўз ишининг устаси бўлган жамоалар ва ёш раққослар томонидан тақдим этилди. Гала-концерт сўнгида 23 та чиқиш энг омадли деб тан олинди. Унинг ижрочилари — жамоалар ва алоҳида иштирокчиларга Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова томонидан диплом, эсдалик совғалари ҳамда анъанага кўра, касбий даражани ривожлантириш ва мукаммаллаштиришга қаратилган грантлар топширилди.
Навбатдаги босқич — “Дом Стиля”дан Бош дефиле ҳафталикнинг либослар намойишлари қисмига якун ясади. Санъат ҳафталигининг олтинчи кунида чексизлик рамзи акс эттирилган саҳнада мамлакатимизнинг “Дом Стиля” мода уйида бирлашган етакчи дизайнерлари: Элина Хайруллина, Артем Дробишев, Ясмин Воҳидова, Марҳамат Умарова, Мадина Қосимбоева, Саодат Муродхўжаева, «UMI», Алексей Меньшаев (Канишка), “Дом стиля” асосчиси, Guli бренди муаллифи ва дизайнер Гулнора Каримова ишлари намойиш этилди. Айтиш керакки, «Guli» бренди муаллифи ва дизайнер Канишка томонидан ҳамкорликда яратилган тўплам аввалроқ Нью-Йоркдаги Mercedes Benz FASHION WEEK ҳафталиги доирасида омма эътиборига тақдим этилган ва муваффақият қозонган эди.
Кечанинг якуний қисмида Art Week Style.uz-2010 лауреатлари номи эълон қилинди. Энг истеъдодли тўққиз нафар дизайнер ғолиб деб топилиб, улар орасида Лали Фозилова, Денис Томилин, Гулноза Рисқиева, Надежда Ким ва бошқаларни кўриш мумкин. Гран-при соврини рассом-декоратор Андрей Ламановга топширилди.
Афсонавий тенор Хосе Каррераснинг “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тақдим этган концерти Санъат ҳафталигининг янгидан-янги поғоналарни забт этаётгани, маданий аҳамияти ошаётганининг сўзсиз далили эди. Ҳар йили ҳафталик доирасида жаҳон юлдузлари мамлакатимизнинг кўзга кўринган саҳналарида концерт дастурлари тақдим этишади. Авваллари Хулио Иглесиас ва Стинг Алишер Навоий номидаги опера ва билет катта театри саҳнасида, Монсеррат Кабалье эса янги Тошкент курантлари биносида, Род Стюарт Регистон майдонида шундай концерт дастурларини тақдим этишган эди. Ўтган йиллардаги сингари концерт читаларининг асосий қисми Ўзбекистон маданият ва санъат арбоблари, “Ниҳол” мукофоти ва халқаро танловлар лауреатлари, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси, Санъат институти, Успенский номидаги РММАЛ, А. Навоий номидаги ДАКТ, Тошкент Давлат мусиқали комедия (оперетта) театри солистлари, ҳафталик фаоллари, Фонд Форумнинг ёшларга қаратилган танлов ва дастурлари иштирокчиларига бепул тарқатилди.
Санъат ҳафталигининг олтинчи куни яна бир тақдимот лойиҳаси билан ўз ниҳоясига етди. Дунёга танилган заргарлик бренди «Chopard» бу йили ташкил этилганлигининг 150 йиллигини нишонлаётган бўлиб, у Style.uz доирасида мамлакатимизда учинчи маротаба тақдимотини ўтказмоқда. Chopard вице-президенти Каролин Груози-Шойфеле ҳафталикнинг барча асосий тадбирларини ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борди.
...Art Week Style.uz-2010 ўз ниҳоясига етди. Пардалар туширилди. Мақсад эса безакларга қайта ишлов бериш, янгидан-янги образлар яратиш, янги номлар кашф этиш, янгиликларни жорий этиш, ва, орадан роппа-роса бир йил ўтгач, маданият ва санъат соҳасида Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа — Art Week Style.uzнинг ёрқин тадбирлари билан кузнинг сокин рангларига яна жило ва ёруғлик бағишлашдир.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и