2010 йил 22 декабр

22 декабрь куни “Туркистон” саройида Бешинчи M&TVA-2010 тақмоти маросими бўлиб ўтди. Фонд Форум, Муаллиф ва ижрочилар гильдияси ҳамда «TVM» телеканали томонидан ташкил этилган мазкур тақдимотдан кўзланган мақсад бу йил мамлакатимиз маданияти ва санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган турли соҳа вакилларини аниқлаш ва уларни рағбатлантиришдир. Ўзбек миллий кинематографи арбоблари, телевидение ва радио журналистлари, машҳур театр ва кино актёрлари, рассомлар, шоу бизнес вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати Тақдимотнинг номзод ва ғолибларини аниқлашди. Шунингдек, номзодларга SMS- орқали ҳамда www.mtva.uz сайтида овоз бериш мумкин эди. Ҳайъат аъзолари ва мухлислар овозининг умумлашмаси натижасида ғолиблар аниқланди. Мазкур тақдимотда Фонд Форумдан Совринли Ўйиннинг асосий учта соврини — “Matiz” русумли автомобилни қўлга киритган ғолиблар ҳам эълон қилинди.
Анъанавий тарзда карнай ва сурнай садолари остида очилган тақдимот шартли равишда теле-радио соҳаси, кинемотография олами ҳамда мусиқа дунёсида эришилган ютуқлар сингари уч бўлимга ажратилди.
“Йилнинг энг яхши радиобошловчиси” номинацияси эълон қилиниши билан совринлар кетма-кетлигига навбат берилди. “Замин FM” радио бошловчиси Дилбар Охунова мазкур номга муносиб топилгач, “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали ғолиби Умид Мирзаев ҳамда хореография бўйича мамлакатимизнинг тўрт карра чемпиони Умид Ашуров поп мусиқа қироли Майкл Жексоннинг ўзбек миллий чолғулари билан уйғунлашган қўшиғи ва бетакрор рақслари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлашди.
Ўзбек телевидениесининг кўзга кўринган вакили Шаҳноза Ғаниева “Йилнинг энг яхши телебошловчиси” номинациясини гулдурос қарсаклар остида “Спорт” телеканали бошловчиси Нилуфар Сотиболдиевага топширди. Шундан сўнг Гулнора Каримованинг шеърига ишланган “Биргаликда учамиз” (“В единстве паря”) қўшиғини “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари марказининг Қарши бўлими фаоли Баҳтиёр Раҳмонов ижро этди. Мазкур қўшиқ 19 ноябрь куни пойтахтимизда ўтказилган Ёшлар форумида янграган ва йиғилганларда катта таассурот қолдирган эди. Бу сафар ёш истеъдод соҳиби мамлакатимизнинг машҳур эстрада юлдузлари билан бир саҳнада куйлаш бахтига мушарраф бўлди.
“Йилнинг энг яхши телевизион лойиҳаси дизайни” – “Top 10” (“TVM” телеканали), “Йилнинг энг яхши телевизион лойиҳаси” - «Дийдор ширин» (“NTT” телеканали) номинациялари тақдимотидан сўнг, “Йилнинг энг яхши клипи” – Лоланинг “Қийналар қалбим” қўшиғига насиб этди. Клип режиссёри Ёдгор Носиров саҳнага чиқиб, кўзига қалққан қувонч кўз ёшларини яширмай, ўзининг совринини “Меҳр нури” ҳайрия жамғармасига ҳадя қилишини айтди.
Россиянинг «Градусы» гуруҳи ижросидаги “Режиссёр” таронаси билан тақдимотнинг кинематография бўлими навбат берилди. Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева “Йилнинг энг яхши актёри” номинациясини Адиз Ражабовга, халқ рассоми Акмал Нур “Йилнинг энг яхши актрисаси” совринини Дилноза Кубаевага топширди. Дилноза мазкур номинацияни 2008 йилда ҳам қўлга киритган эди. Фарруҳ Зокиров ва DJ Piligrimнинг “Мажнунтол” қўшиғи талқини мусиқий совғалар кетма-кеттлигини давом эттирди.
Кино санъати арбобларидан бири “Агар фильм омадли чиқса, актёрни мақташади, агар ёмон чиқса, режиссёрни айбдор қилишади”, деган экан. 2010 йилда маҳоратли режиссёрлар томонидан бир қанча фильмлар тақдим этилди. Натижалар эса қуйидагича: “Йилнинг энг яхши режиссёри” - Абдувоҳид Ғаниев (“Дада” фильми), “Йилнинг энг яхши фильми” – режиссёр Акбар Бектурдиевнинг “Муҳаббатном” фильми. Режиссёр совринни баланд кўтарар экан, овозида ҳаяжон билан шундай деди: “35 йилдан бери кино оламидаман. Бу илк совриним”.
Россиялик хонанда Тиматининг “Не сходи сума” (“Ақлдан озма”) қўшиғини йиғилганлар, айниқса, ёшлар мароқ билан тинглашди. Хорижлик хонанда “Йилнинг энг яхши саундтреки” номинациясини Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги “Шомурод ва Дурдона” фильмига ишланган қўшиқ учун бастакор Ботир Алиевга топширди.
Шундан сўнг Фонд Форум томонидан эълон қилинган Совринли викторинага навбат етди. Викторинанинг асосий соврини — учта “Matiz” русумли автомобилни Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова тошкентлик Даврон Ёқубов (Интернет-викторина), фарғоналик Анваржон Мўминов (телефон-викторина) ҳамда самарқандлик Маъруфбек Мирзаевга топширди. Анваржон Мўминов мазкур Викторинада иккинчи маротаба иштирок этиб, асосий совринни иккинчи бор қўлга киритаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. 15 ноябрдан 15 декабрга қадар Совринли викторинада умумий ҳисобда 72 378 киши қатнашди.
M&TVA тақдимотининг мусиқа оламидаги ютуқларга бағишланган бўлими мамлакатимизда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ва халқ артисти Исмоил Жалилов ижросидаги “Эйфория” қўшиғининг янги талқини билан бошланди. Бутун оқшом мобайнида зал соврин топшираётганлар ҳаяжони, тақдирланаётганларнинг қувонч кўз ёшлари, томошабинларнинг завқ-шавқли, гулдурос қарсаклари, бошловчиларнинг хазил-мутойибалари билан йўғрилди.
Ушбу бўлимдаги совринлар эса қуйидагича тақсимланди: “Йилнинг энг яхши бастакори” - Иқбол Муҳаммад, “Йилнинг энг яхши эркак қўшиқчиси” – Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, “Йилнинг энг яхши аёл қўшиқчиси” - Нилуфар Усмонова, “Йилнинг энг яхши қўшиғи” – Шоҳруҳхонинг “Омоней” таронаси, “Йилнинг энг яхши гуруҳи” – “Сато” ансамбли. Актёр Фарруҳ Соиповнинг француз тилидаги “Куз япроқлари” қўшиғини барча мароқ билан тинглади. “Йилнинг энг яхши гуруҳи” номинацияси номзодлари — “Сато”, “Шод”, “Давр” гуруҳи ва халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Ғуломжон Ёқубов ва Зулайҳо Бойхонова ижросидаги тарона замонавий ўзбек мусиқа маданиятининг серқирра жанрларини намоён этди.
Залда чироқ ўчирилиб, саҳна тутун билан қопланди. Googoosha “Believe” таронасини болалар хори, раққослар ҳамда дўмбирачилар жўрлигида ижро этди. M&TVA тақдимоти нафақат ёш, эндигина санъатга қадам қўяётган, балки бутун ҳаётини санъатга бағишлаган, маданият ва санъатимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган инсонларга ҳам қаратилган. Мамлакатимиз маданияти ва санъатига қўшган ҳиссалари учун Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева ҳамда мамлакатимизда хизмат кўрсатган санъат арбоби Икром Акбаров тақдирландилар. Икром Акбаровнинг ижодига ҳурмат тариқасида “Benazir” гуруҳи ва юртимизда хизмат кўрсатган артист Рашид Ҳолиқов бастакорнинг қўшиқларидан попурри куйлашди.
Ва ниҳоят, “Йил шоуси” Art Week Style.Uz деб топилиб, лойиҳа муаллифи Гулнора Каримова мазкур совринни Ҳафталикнинг энг ёрқин ва ноёб тадбирларидан бири — “Арасту жумбоғи” ёш рассомлар кўргазмаси ташкилотчиларигатопширди. Совринни мазкур кўргазма куратори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов қабул қилиб олди. Тақдимот Франциянинг «Alabina» гуруҳи концерти билан якунланди.
Мавзу бўйича янгиликлар
M&TVA 2009 йилнинг энг кучлиларини тақдим этади