2011 йил 20 ноябр

Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиеванинг Гулнора Каримова бошчилигидаги Фонд Форум ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида ташкиллаштирилган концерт дастури 20 ноябрь куни бўлиб ўтди. Ўзбек мақомлари моҳир ижрочисининг халқ қалби, донишмандлиги, фалсафаси билан йўғрилган қўшиқлари, жозибадор, сеҳрли ва бетакрор овози улуғвор ва хашаматли бинода илк маротаба янгради. Хонанда ижросидаги ўзбек мақомларини тинглаб, гўё минг йиллик тарих қайта гавдалангандек бўлди. Унинг нолалари, авж пардаларда эркин куйлаш олиши мусиқа ихлосмандларининг барчасини яна бир бор ҳайратга солди.
Саҳна ҳам мумтоз услубда безатилган, ганч курси ва кичик стол марказга жойлаштирилган, Шавкат Мирзаев бошчилигидаги миллий беқасам чопон кийган чолғучилар сал чеккароқда, пардага яқинроқ жойда ўтиришарди. Майда ўрилган сочлари устидан бежирим дўппи кийган, ҳақиқий ўзбекона либосдаги Муножат Йўлчиева саҳнага чиққанида муҳлислар уни олқишларга кўмишди. “Калб наволари” деб номланган концерт дастури Жуманиёз Жабборов шеърига асосидаги ватан мавзусига бағишланган “Зафар таронаси” қўшиғи билан бошланди.
Истеъдодли хонанда ижросидаги Хусрав Деҳлавий асари, Шавкат Мирзаев мусиқаси асосидаги “Керак йўқдир”, Машраб ғазали, халқ мусқаси асосидаги “Гиря”, Огаҳий ғазали, халқ мусиқаси асосидаги “Феруз”, Нодира ғазали, Тошкент-Фарғона мақомидан “Чоргоҳ” қўшиқлари йиғилганлар қалбини титратди. Жонли овоз билан куйланган ушбу дилтортар тароналардан мусиқа шинавандалари у ёқда турсин, хонанданинг ўзи ҳам сармаст ҳолда чайқалиб ўтирарди. Ҳар сафар унинг овози энг баланд пардага кўтарилганида, тингловчилар қарсак чалишар, унинг бетакрор истеъдодига тахсин айтишарди. Залда янграган “Яшанг!”, “Бор бўлинг!” хитоблари хонанда учун ўзига хос далда бўлди дейиш мумкин. Айниқса, “Мустаҳзод”ни ижро этганида залга йиғилганлар уни қўллаб, бир маромда қарсак чала бошлашди.
Катта ашула жанридаги “Эй дилбари жононим”ни Муножат Йўлчиева ликопча билан айтди. Навоий ғазали асосидаги “Муфталоқ бўлдим санга” қўшиғини “Келажак овози” республика иқтидорли ёшлар танлови ғолиблари Шаҳзода Хасанова, Нодира Абдураҳмонова ва Адолат Қўлдошева билан куйлади. Мумтоз мусиқа санъати кечасига бошловчилик қилган хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ярашева ва Меҳриддин Раҳматов бугунги кунда Муножат Йўлчиеванинг ўз мактаби шакллангани, уни давом эттириш, маҳорат ва билимларини ўзлаштириш ниятидаги ёшлар сафи кенгаяётгани қувонарли эканини таъкидлаб ўтишди.
Концерт сўнггида тингловчиларнинг гулдурос олқишлари анча вақтгача янграб турди. Барча мутасаддилар таништирилди. Лекин ҳеч кимнинг жойидан жилгиси, севимли хонандасини қўйиб юборгиси йўқ. Концерт сўнгида мухлислар талабига биноан “Қаро кўзим” қўшиғи мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Муножат Йўлчиевани Аллоҳ юксак истеъдод билан сийлаган. Икки соат жонли овозда маромига етказиб қўшиқ куйлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бетакрор овози билан бир қаторда у ўзининг одоби, самимияти билан одамни мафтун этади. Ушбу саройда миллий хонандаларимиздан биринчи бўлиб айнан Муножат Йўлчиеванинг концерти тақдим этилгани қувонарли ҳолдир.
Мавзу бўйича янгиликлар
Аёл ҳақида қўшиқ