Гулнора Каримова

“Келажак овози-2011” ва ёшларга қаратилган грантлар соҳибларини тақдирлаш маросими

2011 йил 21 декабр

“Келажак овози-2011” ва ёшларга қаратилган грантлар соҳибларини тақдирлаш маросими

21 декабрь куни Ёшлар ижод саройи саҳнасида энг иқтидорли ёшлар жамланди. “Келажак овози-2011” республика иқтидорли ёшлар танловининг якуний финал босқичи иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда бу йил ариза топширган 76 034 нафар иштирокчилар сафидан энг иқтидорли деб топилган 45 нафар ғолибларга диплом топширилди. Шунингдек, Тадбир доирасида Фонд Форумнинг ёшларга қаратилган грант лойиҳалари - Иқтидорли талабалар учун стипендиялар, Таълим грантлари, Спорт грантлари дастурлари лауреатлари эълон қилинди. Ғолибларни тақдирлаш маросимида ҳакамлар ҳайъати ва экспертлар комиссияси аъзолари, жумладан, халқ рассоми Акмал Нур, “Осиё рамзи” уюшмаси президенти Ҳолида Комилова, дзюдо бўйича мутлақ жаҳон чемпиони Абдулла Тангриев ҳамда Фонд Форум Васийлик кенгаши ва “Келажак овози” танлови Жамоатчилик кенгаши раиси Гулнора Каримова иштирок этди.

“Келажак овози” ЁТМ ва “Камолот ЁИҲ ҳамкорлигида бу йили еттинчи маротаба ўтказилаётган “Келажак овози” танлови”да рекорд даражасидаги иштирокчилар - 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган жами 76 034 нафар ёшлар қатнашди. Бу ўтган йилги натижаларга нисбатан деярли 5000 киши кўп дегани. Танлов ўтказилган илк йилда иштирокчилар сони 3000 нафар бўлганини инобатга оладиган бўсак, ҳақиқий миллий лойиҳага айланган танловнинг ўсиш даражасини яққол кўришимиз мумкин. 2010 йилдан иштирокчилар аризаси онлайн тарзида www.molodej.uz сайти орқали қабул қилинмоқда.

“Келажак овози” республика иқтидорли ёшлар танлови минглаб фаол ўғил-қизларга ғоя ва лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этиш имконини бермоқда. Танловнинг “Архитектура ва дизайн”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, “Миллий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва публицистика” каби номинациялари бўйича саралаш босқичлари йил бўйи давом этади. Вазирлик ва идоралар ходимлари, машҳур жамоат арбоблари, йирик компаниялар раҳбарлари, маданият ва санъат намояндаларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб топилган лойиҳалар финал босқичига йўлланма олади. Бу йил танловнинг республика босқичига юртимиз бўйлаб 557 нафар иштирокчи йўл олди. 9-20 декабрь кунлари улар пойтахтимизда ҳакамлар олдида ўз лойиҳалари, техник ишланмалари, илмий кашфиётлари тақдимотини ўтказишди. 6 нафар финал босқичи иштирокчиси 21 декабрь куни Ёшлар ижод саройида ўз лойиҳаларини экспертлар кенгаши ва томошабинлар эътиборига ҳавола этишди.

“Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар” номинациясида жами 6 та лойиҳа тақдим этилган бўлиб, улар йўналиши бўйича фарқ қилади. Масалан, ТАТУ (Тошкент Ахборот технологиялари университети) магистранти Екатерина Данилова мактабгача ёшдаги болалар учун “Билим ўлкаси” деб номланган маърифий сайтни тақдим этди. У ўйин шаклида болаларга ҳарфлар, рақамларни, ёзиш ва санашни ўргатишга қаратилган. Бухоролик Алишер Муҳторов ҳам таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган яна бир лойиҳани тақдим этди. Унинг ишланмаси мактаблар, коллеж, лицей ва олийгоҳлар ҳамда маҳсус билим юртлари ўқувчи ва талабаларининг ўзлаштиришини рейтинг асосида баҳолаш тизимига дастурий ҳаражатларни камайтиришга қаратилган. Лойиҳа сайт асосига қурилган бўлиб, унинг ёрдамида онлайн тарзда ўзлаштириш индексини осон аниқлаш ва йирик маълумотлар базаси ҳамда ахборотни қайта ишлаш ҳаражатларини камайтириш мумкин. Тошкентлик талаба Элдор Габдураҳмонов мамлакатимиз нефть-газ соҳасини ўрганиб чиқиб, “Менежмент” категориясида ўзига ҳос ноёб лойиҳа тақдим этди. У ташкилотни бошқариш тизимида хавф-хатарларни камайтиришга қаратилган. Шу билан бир қаторда кимё саноати соҳасида яна иккита долзарб лойиҳа тақдим этилди. Бу навоийлик Илҳомжон Раҳматовнинг “Нитроз газларидан фойдаланиб, Қизилқум фосфоритларини қайта ишлаш технологияси” ҳамда тошкентлик Салоҳиддин Қурбоновнинг саноат чиқиндиларидан олинган модда ёрдамида юртимиз автомобиль йўлларини қоплашга қаратилган лойиҳасидир.

Ёшлар ижод саройи саҳнасида бўлиб ўтаётганларни шу куни “Келажак овози” ЁТМнинг барча вилоятлардаги бўлинмалари фаоллари кузатиб боришди. Тўридан-тўғри видеотрансляция залдагиларга катта монитор орқали вилоятлардаги тенгдошлари билан мулоқот қилиш имконини берди.

Кеча якунида “Келажак овози-2011” ва Фонд Форумнинг “Таълим грантлари”, “Иқтидорли талабалар учун стипендиялар”, “Спорт грантлари” дастурлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Халқ рассоми Акмал Нур, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори Ҳолида Комилова, Республика Маънавият маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, халқ артисти Муножат Йўлчиева, дзюдо бўйича мутлақ жаҳон чемпиони Абдулла Тангриев ҳамда Фонд Форум Васийлик кенгаши ва “Келажак овози” танлови Жамоатчилик кенгаши раиси Гулнора Каримова ғолибларни қутлаб, уларга диплом ва сертификатлар топширишди.



Мавзу бўйича янгиликлар

«Келажак овози-2009»: Якун ва ғолиблар
«Келажак овози-2010»: янги ғояларга йўл очиб
“Келажак овози” ёшлар оромгоҳи
«Келажак овози» ёшларга мўлжаланган энг яхши лойиҳа
Тошкентда Ёш тадбиркорлар форуми ўтказилди
Меҳмонлар китоби
© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup