Гулнора Каримова

«Келажак овози-2010»: янги ғояларга йўл очиб

2010 йил 24 декабр

«Келажак овози-2010»: янги ғояларга йўл очиб

24 декабрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Келажак овози-2010” танлови ғолибларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Фонд Форум томонидан “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб ҳар йили ўтказиладиган мазкур лойиҳада бу йил 45 нафар ўғил-қизлар ғолиб бўлишди. Шунингдек, тадбир доирасида Миллий Олимпия қўмитаси ёшлар ўртасида олиб борилган спорт, таълим ва маданият соҳаларидаги фаолияти учун Фонд Форумга мукофот топширди. Совринни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Малик Бобоев Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримовага топширди.

“Келажак овози” танловида бу йил 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 71 024 нафар интилувчан, иқтидорли, фаол иштирокчилар қатнашишди. Уларнинг ҳар бири ўз ғояси, тақлиф ва тадқиқотларини билдирди.Танлов нақадар кенг қамровли эканини унда иштирок этиш ниятида бўлган ёшларнинг сони йилдан йилга ортиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Дастлабки босқич аризалар қабулидан иборат бўлди. Бир неча ой мобайнида бутун республикамиз бўйлаб аризалар қабул қилинди. Агар 2005 йили биринчи бор ўтказилган танловнинг саралаш босқичида 3 мингга яқин ёш иқтидор эгалари қатнашишган бўлса, 2006 йилда эса бу кўрсатгич 10 мингга, 2007 йил — 30 мингга, 2008 йилга келиб 54 мингдан зиёдга етди. 2009 йил 63 мингдан зиёд йигит-қизлар лойиҳада ўз билимларини синаб кўришга эришишди. 2010 йилда ариза топширганлар сони 71 024 нафарга етди.

Танлов “Архитектура ва дизайн”, “«Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник лойиҳалар”, “Анъанавий санъат”, “«Адабиёт ва журналистика” каби йўналишларда ўтказилади.

Энг сара лойиҳа муаллифлари ўз ишлари тақдимотини кенг жамоатчилик олдида Ёшлар ижод саройида намойиш этишди. Ёшларга эътибор ва кўмак кўрсатиш келажакда ўз мевасини беради. Бугунги кунда уларни қўллаб-қувватлаш келгусида юрт равнақи учун сезиларли ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз. Халқаро Олимпия қўмитаси номидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Малик Бобоев томонидан тақдим этилган “Спорт-ёшларнинг илҳом манбаи” мукофоти Фонд Форум саъй-ҳаракатларининг бесамар эмаслигини яна бир бор исботлади.

Тақдимот сўнгида эса соҳа мутахассисларининг фикрлари билдирилиб, лойиҳанинг авзалликлари ҳамда камчиликлари айтиб ўтилди. Шунингдек, ёшлар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Маълумот. Халқаро Олимпия Қўмитаси 1985 йилдан бошлаб янги мукофот таъсис этган бўлиб, у ҳар йили турли йўналишларда тақдим этилади. Масалан, турли йилларда у спорт журналистикасини ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун, спортда допингга қарши кураш, Олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлагани учун сингари мавзуларда ўз эгаларига топширилган. Миллий Олимпия қўмиталари маълум соҳага салмоқли ҳисса қўшган жисмоний шахс ёки ташкилотларни мазкур мукофотга номзод сифатида Халқаро Олимпия қўмитасига таклиф қилишлари мумкин. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Фонд Форумнинг маданият, таълим ва спорт дастурлари, ёш авлодни жисмоний ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳасида олиб бораётган фаол саъй ҳаракатларини инобатга олган ҳолда уни мазкур мукофотга номзод сифатида тақдим этди. Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиққан Халқаро Олимпия қўмитаси Фонд Форумга мазкур мукофотни топширди.



Мавзу бўйича янгиликлар

«Келажак овози-2009»: Якун ва ғолиблар
“Келажак овози” ёшлар оромгоҳи
«Келажак овози» ёшларга мўлжаланган энг яхши лойиҳа
“Келажак овози-2011” ва ёшларга қаратилган грантлар соҳибларини тақдирлаш маросими
Тошкентда Ёш тадбиркорлар форуми ўтказилди
Меҳмонлар китоби
© Гулнора Каримова, 2007—2012.
Сайт дизайни, ишланмаси ва кузатуви — NetGroup