2010 йил 19 ноябр

Ҳар йили Фонд Форум бутун мамлакатимиз бўйлаб истеъдодли ёшларни кашф қилиш, касбий салоҳияларини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни ўтказиб келади. Ушбу дастурларда иштирок этиш истагидагиларнинг сони эса йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2010 йили ўтказилган “Таълим грантлари дастури”да 2640 нафар, “Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури”да 1300 нафар йигит-қизлар ариза топширишди. Мазкур икки дастур, “Спорт грантлари дастури” ҳамда “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастури” ғолибларини тақдирлаш маросими 19 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида ўтказилиб, Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова энг яхши иштирокчиларга диплом ва сертификатлар топширди.
Олий ўқув юртларига муваффақиятли кириб олиб, ўқишни бошлаб юборган талабалар талайгина. Аммо абитуриентлар имтиҳонлардан ўтиб олгунча бир ҳаяжонда бўлса, талабалик бахтига эришганида уларнинг олдида шартнома пулини тўлаш муаммоси кўндаланг бўлиб туради. “Таълим грантлари дастури” ўқишга шартнома асосида қабул қилинган, иқтидорли, бироқ молиявий имконияти кам бўлган талабаларга бир йил давомида шартнома пулини тўлаб беришга қаратилган. Бу йили 98 нафар талаба ушбу грант соҳибига айланишди. Бугунги кунда дастур ёрдамида 398 нафарга яқин йигит-қиз турли олий ўқув юртларида таълим олмоқда. Қоида бўйича, интилувчан ва фаол талабаларга шартнома пули кейинги йилларда ҳам тўлаб берилиши мумкин.
2006 йилдан ҳаётга тадбиқ этила бошлаган “Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури” ўз танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиш учун талабалик давриданоқ ҳаракат қилаётган изланувчан ёшларга қаратилган. Бу йили ҳакамлар танлови ва талабалар билан ўтказилган суҳбатлардан сўнг иштирокчиларнинг 98 нафари стипендия соҳиби бўлди. Ҳозирда бутун мамлакатимиз бўйлаб 445 нафар талаба имтиёзли стипендия оладилар.
Ғалабага эришишдан завқлироқ, ҳаяжонлироқ туйғу бўлмаса керак. Тадбир бошловчиси томонидан эълон қилинган ҳар бир исм соҳиби чексиз ҳаяжон, қувонч ва ўзига бўлган ишонч билан саҳна томон қадам ташларди. Уларнинг кайфияти тадбирда иштирок этганларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади!... «Келажак овози» жамоатчилик кенгаши аъзоси, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, жамғармаларнинг грант лойиҳалари ҳайъат аъзоси Агриппина Шин, профессор, сиёсий фанлар доктори Алишер Файзуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муножат Йўлчиева ҳамда Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси, профессор Гулнора Каримова ғолибларни қутлаб, уларга совғалар улашишди.
Шу тариқа Ёшлар ижод саройи саҳнаси оддий ғолибларни тақдирлаш маросими эмас, балки ёшларнинг мулоқот ва фикрлаш алмашинуви, ғоя ва режалар муҳокамаси майдонига айланди, деб айтиш мумкин. “Келажак овози” ЁТМ ва Фонд Форум дастурлари фаолларининг энг ёрқин ва ўзига хос лойиҳалари мана шун саҳнада тақдим этилди. Болалар таълим, маданият ва санъат, мода олами сингари турли мавзуларга бағишланган қизиқарли интернет-портал, сайт, онлайн-тизимлар яратишгани маълум бўлди. Масалан, энди Фонд Форум лойиҳаларида иштирок этиш истагидагилар molodej.uz сайтида аризаларни он-лайн тарзида тез ва осон тўлдириш имконига эга бўладилар. vacant.uz интернет заҳираси катта салоҳият касб этиб, бугунги кунда унда 2000 иш изловчи ва 30 иш берувчининг 300 га яқин иш таклифи базаси мавжуд.
Бундан ташқари sporim.uz сайти жорий этилган бўлиб, ушбу сайтда қизиқарли маълумотлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида ёзиш, бошқа фойдаланувчиларнинг изоҳлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, фаол интернет-муаллифлар томонидан gulnara_opa.livejournal.com интернет-платформасини тақдим этиб, унда ёшлар Гулнора Каримова билан мулоқот қилишлари, саволлар бериб, мунозаралар олиб боришлари мумкин.
Қаршилик Баҳтиёр Раҳмоновнинг Гулнора Каримова шеъри асосида яратилган «В единстве паря» деб номланган қўшиғи барча учун ҳақиқий совға бўлди. Ушбу композициянинг яратилиш тарихи ҳақида эса “Келажак овози” ЁТМнинг Бухоро вилояти координатори Шоҳруҳ Ғаниев сўзлаб берди. Бундан тахминан икки йилча муқаддам доимо ёнида гитара олиб юрадиган Баҳтиёрга Шоҳруҳ ўзига ёқиб қолган шеърни кўртсатади. Баҳтиёр эса қўшиқ яратишга киришади. Орадан бир йил ўтиб, Баҳтиёрнинг шеърга ишланган тайёр таронаси Қашқадарёда ўтказилган оромгоҳда оғизлардан тушмади, ўша ернинг ўзидаёқ қўшиққа клип ишланди. Форум иштирокчилари композицияни олқишлар билан кутиб олишди.
Ёшлар ижод саройи саҳнасида рўй бераётган вақеа-ҳодисалар мамлакатимиз вилоятларидаги “Келажак овози” ЁТМ бўлимларига ҳам тўғридан-тўғри узатилди. Саҳнага ўрнатилган катта экран Тошкентни бошқа вилоятлар билан боғлади, ёшлар бир-бирларини табриклаб, таассурот ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Ҳатто Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасининг 3 нафар иштирокчиси онлайн тарзида тақдирланди.
“Спорт грантлари дастури”нинг бу йилги 15 нафар лауреати ҳам кеча мобайнида саҳнага таклиф этилди. Мазкур лойиҳага Фонд Форум томонидан 2007 йилда асос солинган бўлиб, у жаҳон чемпионатларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилилувчи ёш истеъдодли спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида Фонд Форумнинг 10 нафар ғолибига махсус грантлар топширилди. Дастур ёшларни кичик бизнесга жалб этиш, бошловчи тадбиркорларга методологик ва молиявий кўмак кўрсатишга қаратилган.
Ғолибларни Райҳон, Зиёда, Сардор Раҳимхон, Ойбек ва Нигора, “Божалар” гуруҳи сингари эстрадамиз юлдузлари қутлашди.
Махсус меҳмон, россиялик журналист, публицист ва жамоат арбоби Владимир Соловьев Фонд Форумнинг ёшларга қаратилган лойиҳалари ҳақида фикр билдирди:
- Форумда ҳукм сурган норасмий руҳият мени ҳайратлантирди. Барчанинг тенглиги сезилиб турар, ҳамфикр, ҳамжиҳат инсонларнинг профессионал даражадаги мулоқоти жуда эркин руҳда ўтди. Тўрт соатлик ижодий муҳит ва енгил мулоқот бир зумда ўтиб кетди. Очиғини айтганда, тўрт соатлик концертда зериккан бўлардим, лекин бу ерда вақт ўтгани мутлақо сезилмади. Ёшларнинг нималар билан машғул экани, уларнинг ғоя в ташаббуслари мени бефақр қолдирмади.
Жамғарманинг ижодга эътибор қаратаётгани эътирофга лойиқ. Бу ёшларнинг баъзилари учун жамғарма томонидан берилаётган имкониятлар ҳаётда катта ютуқларга эришишда қўл келади. Уларнинг орасида ногирон болалар ҳам бор. Улар эътибордан четда қолмаётгани, ғамҳўрлик қуршовида эканидан бениҳоя қувондим. Ўзбек ёшлари қувноқ, иқтидорли ва фаолдир. Қолаверса, улар катталарга бўлган ҳурмати билан бошқа миллатлар ёшларидан ажралиб туради.
Тақдирлаш маросми чоғида саҳнага ўрнатилган видеоэкран орқали Навоий, Фарғона, гулистонлик “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари марказлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилди.
Тақдирлаш маросими ва тақдимотлар ўз ниҳоясига етгач эса вилоятлардаги ёшлар билан видео анжуман ўтказилди. Ёшлар фикр-мулоҳазалари, ютуқ ва режалари билан ўртоқлашишди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Амалий санъат усталари ва ёш аёлларга грантлар топширилди