2011 йил 26 июл

25-26 июль кунлари БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 65-сессиясининг “Ёшлар: мулоқот ва ўзаро тушуниш” мавзусида олий даражадаги анжумани бўлиб ўтди. Унда қатнашган халқаро ташкилотлар ва нодавлат тузилмалар қаторида 2010 йилдан эътиборан БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (ЭКОСОС) қошида маслаҳатчи мақомини олган Фонд Форум вакиллари ҳам бор эди.
Мазкур анжуман БТМ томонидан 2010 йил август ойидан то 2011 йил август ойига қадар эълон қилинган Халқаро ёшлар йилига ўзига хос якун ясади. БМТга аъзо мамлакатлар ёшларга оид масалаларни халқаро ҳамжамият томонидан глобал кун тартибига киритилиши муҳим аҳамиятга касб этишини таъкидлашди.
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун анжуман очилишида сўзга чиқар экан, ёшларга БМТ Низомида ваъда қилинганидек ўзаро тушуниш ва хамоҳангликка асосланган дунёни мерос қилиб қолдириш учун бирдамликда ҳаракат қилиш кераклигини уқтирди.
Анжуман доирасида ёшлар, ўзаро мулоқот ва тушуниш ҳамда ёшларнинг ривожланиш борасидаги муаммоларини ҳал этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига баишланган иккита давра суҳбати бўлиб ўтди.
Шунингдек, тадбир давомида турли давлатлар делегацияларининг 150 дан ориқ маърузалари тингланди. Хусусан, Фонд Форум вакиллари маърузасида жамғарманинг ўз асос солинган вақтидан бошлаб ёшларга оид Бутунжаҳон ҳаракатлар дастури ҳамда Мингйиллик Ривожланиш Максадларида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган ёшлар лойиҳаларини фаол равишда қўллаб-қувватлаб, амалга ошириб келаётганлиги таъкидланди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2010 йилнинг “Баркамол авлод йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Давлат дастури доирасидаги тадбирларни амалга оширишда мазкур жамғарманинг фаол иштирок этгани айтиб ўтилди. Маърузада Фонд Форумининг кенгқамровли йирик лойиҳалари тақдим этилиб, жумладан, 2010 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги Ахборот маркази (UNIC) ҳамда Аҳолишунослик фонди томонидан (UNFPA) “Ёшларга қаратилган энг яхши лойиҳа” дея эътироф этилган “Келажак овози” Республика иқтидорли ёшлар танловига алоҳида урғу берилди. Қолаверса, 2010 йилда Халқаро Олимпия Қўмитаси Фонд Форумнинг ёш авлодни ривожлантиришга қаратилган маданий, таълимий ва спорт дастурлари ҳамда ижтимоий лойиҳалари учун “Спорт – ёшларнинг илҳом манбаи” мукофотини топширгани жамғарма фаолиятининг яна бир эътирофи сифатида тилга олинди.
Анжуман якунида тадбирнинг “Ёшлар: мулоқот ва ўзаро тушуниш” мавзусидаги Якуний ҳужжати қабул қилиниб, унда ёшлар орасида тинчлик, эркинлик, бирдамлик ҳамда тараққиёт ва ривожланишга интилиш идеалларини тарғиб қилиш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш зарурлиги таъкидланади. Аъзо мамлакатлар 2010 йилда қабул қилинган ёшларга қаратилган Бутунжаҳон ҳаракатлар дастурида белгиланган вазифаларни бажариш учун баҳамжиҳат ҳаракат қилиш кераклигини бидирдилар.
2011 йилнинг апрель ойида Фонд Форум Халқаро ёшлар йили муносабати билан Ўзбекистонда амалга оширилган лойиҳа ва ташаббуслар ҳақида батафсил маълумотларни БМТ Дастурининг ёшлар масалалари бўйича котибиятига жўнатганди. БМТ Бош котибининг Халқаро ёшлар йили якунлари ҳақидаги маърузасида аъзо мамлакатлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳисоботлари билан бир қаторда мазкур маълумотномадан ҳам фойдаланилиши кўзда тутилган.
Мавзу бўйича янгиликлар
Далиан Иқтисодий Форуми