2011 йил 26 октябр

Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг энг гўзал намойиши дея Миллий либослар фестивалини тилга олишади. Аммо бу йил барча меҳмонлар ушбу намойишдан ўзига хос совға кутишарди. Тандемда замонавий намойиш Theatre.UZ-2011 театр фестивалининг ёпилиш маросими билан уйғунлашиб, саҳнада яна бир бор “Орзулар, ранглар, ҳиссиётлар уйғунлиги” шиори ўз жарангини топди. 10 кунлик фестиваль давомида Ўзбекистоннинг 8 та театр саҳнасида 26 та спектакль намойиш этилди. Унда Буюк Британия, Германия, Исроил, Украина, Озарбойжон, Тожикистон, Россия ва Ўзбекистоннинг 25 та театр жамоалари иштирок этди. Фестиваль ғолибларини Theatre.UZ-2011 ғояси муаллифи Гулнора Каримова тақдирлади.
Бу йил мазкур театр санъати байрами “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар театри, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил қилинди. Спектакллар ўзбек, рус, озарбойжон, иврит тилларида намойиш этилди. Бундан ташқари, сўзсиз постановкалар ҳам тақдим этилди. Иштирокчиларнинг умумий сони 250 кишидан ошиб кетди. Фестиваль давомида Германия, Исроил, Озарбойжон, Тожикистон давлатларининг 4 та хорижий; ўзбек режиссёрларининг Қирғизистон, Украина, Германия ва Буюк Британиялик ҳамкасблари (Швецария Бюроси кўмагида) билан 4 та ҳамкорликдаги саҳна асарлари ҳамюртларимиз эътиборига ҳавола қилинди. Ўз ижоди маҳсулотларини 8 та пойтахт ва 5 та вилоят театрлари ҳам тақдим этди. Theatre.UZ-2011 фестивали доирасида хорижий театрлар: Уэльснинг Sherman сymru theatre (Буюк Британия), Дрезден ёшлар театри (Германия), Беер-Шевдаги Goodman Theatre (Исроил) томонидан маҳорат дарслари олиб борилди.
Фестиваль драматургия дурдоналарини кўрсатиш билан чекланиб қолмади. Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда театр ривожи масалалари ҳамда долзарб муаммолари “Жаҳон театр жараёнида Марказий Осиё театрлари роли ва ўрни. Йигирма йиллик эркин театр ривожланиши натижалари” мавзусида бўлиб ўтган халқаро форумда муҳокама қилинди.
Theatre.UZ-2011 фестивалининг ёпилиш маросими 26 октябрь куни 18.00 да Art Week Style.uz-2011 тадбирлари доирасида Миллий санъат марказида Миллий либослар фестивали билан уйғунликда бўлиб ўтди. Маросимнинг энг қизғин палласида бирин-кетин “Тартюф”, “Тўғрисўз одамлар”, “Саккиз севикли аёл” спектаклларидан парчалар намойиш этилди. “Хўжа Насриддиннинг биринчи муҳаббати” спектаклидан олинган “Қирмизи боғ” лирик-мажозий парчаси томошабинларни ҳайратга солиб, олқишларга сазовор бўлди.
Тадбир Theatre.UZ-2011 иккинчи халқаро театр фестивали қатнашчиларини тақдирлаш билан якун топди.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и