2010 йил 27 декабр

27 декабрь куни пойтахтимизда “Келажак авлод” болалар боғчасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Гулнора Каримова томонидан тантанали равишда очилган мазкур масканда болажонларнинг ҳар томонлама баркамол ва етук бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Тарбиячилар ҳар бир болага алоҳида, индивидуал равишда ёндашиб, уларни мактабгача тайёрлаш, ижодий қобилиятларини ривожлантириш ишлари билан шуғулланишади, вақтларини унумли ўтказишлари учун машғулотлар олиб боришади.
“Келажак авлод” болалар боғчасида ёзиш, ўқиш, рус тили, инглиз тили машғулотлари ўтказилиб, болаларни мактабга тайёрлашдан ташқари уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда муассасада кулолчилик, рассомлик, конструкциялаш устахоналари, мусиқа хонаси, спорт зали ва бошқа қулайликларга бой машғулот хоналари ташкил этилган. Бундан ташқари маърифий экскурсиялар, соғломлаштирувчи ва спорт машғулотлари, компьютер саводхонлиги, мусиқа машғулотлари ўтказилади, ўйин майдончалари, аттракционли истироҳат боғи ва бассейнда болажонлар мароқли ҳордиқ чиқаришлари мумкин.
Кичик концерт дастуридан сўнг меҳмонлар муассаса шарт-шароитлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди. “Тасанно”, “Тантана” гуруҳлари, Умид Мирзаев, “Алладин” шоу-гуруҳи каби “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали лауреатлари, Райҳон ва бошқа эстрада юлдузлари тарбияланувчиларга мусиқий завқ улашишди.
“Келажак авлод” болалар боғчаси қатор ташкилотлар, жумладан, Фонд Форум қошидаги болалар ижодиёти марказлари, “Аёллар кенгаши” РЖБ, “IJOD” Ўзбекистон рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари уюшмаси, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, Ўзбекистон руҳшунослар уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар театри ва бошқа муассасалар билан яқин ҳамкорликда маърифий маҳорат-дарслари, турли мавзуларга оид байрамлар ва танловлар, ҳайрия кечалари, иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳларга қабул қилиш бўйича танловлар, ёш истеъдодларнинг “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалида иштирок этиш учун саралаш турлари каби қатор ранг-баранг тадбирлар ўтказилади.
Мавзу бўйича янгиликлар
Baby Халқаро болалар турнири