2009 йил 11 сентябр

Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Гулнора Каримова бошчилигидаги делегация Хитойнинг Далиан шаҳрида ўтказилган Халқаро иқтисодий форумда (WEF New Champions Annual Meeting 2009) иштирок этди.
Фонд Форум бу шаҳарда Ўзбекистон маданияти ва санъати тақдимотини ташкил қилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон пойтаҳтининг 2200 йиллигига бағишланган “Тошкент - бир шаҳар тарихи” номли кўргазма ва юртимизнинг энг сара санъаткорлари иштирокидаги мусиқий дастур тақдим этилди. Бундан аввал Женева ва Вена шаҳарларида ўтказилган кўргазма эски Тошкент манзаралари ва замонавий фотографларнинг 100га яқин суратларини ўзида жамлаган. ХХ аср бошларига оид ушбу ноеб асарлар шаҳар қиёфасининг бугунги кунга қадар қанчалик ўзгарганини акс эттиради.
Тадбирда Иқтисодий форумга келган мартабали меҳмонлар, Ҳитой кенг жамоатчилиги, сиёсатчилар, дипломатлар, ишбилармонлар, санъатшунос ва маданият арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва журналистлар иштирок этди.
Маълумот учун:
Жаҳон Иқтисодий Форуми (WEF): нотижорат фонд сифатида қайд этилган мустақил халқаро ташкилот бўлиб, у сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда жаҳон етакчиларини бирлаштиради. 1971 йилдан ўз фаолиятини бошлаган Форум глобал масалаларни хал этишда муайян мувафаққиятларга эришиб келади. WEF тақвимидаги энг йирик йиллик воқеалар орасида Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказиладиган Халқаро иқтисодий форуми бўлиб, бу ерга жаҳоннинг юзлаб сиёсий ва иқтисодий етакчилари йиғилади. Ҳитойнинг Далиан шаҳридаги форум эса “Ёзги Давос” номини олган.
Мавзу бўйича янгиликлар
Фонд Форум Халқаро ёшлар йили доирасидаги БМТ анжуманида