2011 йил 25 май

24-25 май кунлари “Аёллар кенгаши” вакиллари ўзбек эстрада юлдузлари билан бирга пойтахтимиздаги қатор Болалар уйларида бўлишди ва бутун дунёда 1 июнь куни нишонланадиган Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан болаларни қутлашди. Тадбир № 98- ва № 100- ҳамда №4-мактаб интернатлари, № 30- ва № 31- Болалар уйлари ҳамда Болалар суяк-сил касалликлари санаторийсида ўтказилиб, уларда ҳаммаси бўлиб 1000 дан ортиқ болажонлар иштирок этишди. Байрам сабабчиларининг барчасига совғалар тарқатилиб, ўзбек эстрда юлдузлари ўз қўшиқлари билан болаларга байрам кайфияти улашишди. Мазкур акция Гулнора Каримова бошчилигидаги Фонд Форум, “Аёллар кенгаши” РЖБ, “Мехр нури” жамоат жамғармаси томонидан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган тадбирлар мажмуасини бошлаб берди. Булар орасида ҳайрия акциялари, концерт дастурлари, кўргазмалар, тарихий шаҳарлар зиёрати кабилар бор. Акция пойтахтимиздаги Япон боғида ўтказиладиган анъанавий “Болалик шарафига” ҳайрия бали ҳамда “Кичкинтой” (“Baby”) бадиий гимнастика бўйича болалар халқаро турнири билан якунланади.
Меҳрибонлик уйларини қўллаб-қувватлаш дастури “Аёллар кенгаши” РЖБ томонидан 2007 йилдан бери амалга оширилмоқда. Анъанага кўра, ушбу муассасаларда Райхон, Сардор Раҳимхон, Ойбек ва Нигора сингари ўзбек эстрада юлдузлари ўз қўшиқлари билан болаларга байрам кайфияти улашишди. Болажонларга ширинлик ва мевалар тўлдирилган пакетлар тарқатилди. Яна Шунингдек, № 4-Юқумли касалликлар шифохонаси, Республика кар-соқовлар жамияти ҳамда “Қўл билан сўзловчилар” ҳайрия жамғармаси табияланувчиларига ҳам 240 та совға пакетлари тақдим этилди.
Шунингдек, 203 қути “Nestle” бўтқаси, 52 қути “Nectogen” бўтқаси, 6 та қути тиш пастаси, 100 қути печенье, 10 қути хўжалик совуни, 55 қути “Libero” болалар тагликлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Бухоро вилоятларидаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларга тақдим этилди.
Бундан ташқари, 28 май куни соат 19:00 да Фонд Форум ва “Аёллар кенгаши” кўмаги билан “Туркистон” саройида “Алладин” эстрада студияси иштирокида концерт дастури тақдим этилади. Меҳрибонлик уйларининг 200 нафар болалари мазкур тадбирга таклиф этиладилар.
1 июнь куни эса Ёшлар ижод саройида Фонд Форум, “MEROS” Ўзбекистон антикварлари уюшмаси томонидан ташкил этилган “Жаҳон халқ эртаклари” болалар кўргазмаси бўлиб ўтади. Кўргазмага Фонд Форум қошидаши “Янги авлод форуми” ҳамда “Эски шаҳар” болалар ижодиёт марказлари ҳамда пойтахтимиздаги бошқа болалар маданият муассасаларининг 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган тарбияланувчилари асарлари қўйилади.
1 июнь куни соат 14.00 да 4-сонли шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасида болалар учун ҳайрия концерти тақдим этилади. Шу куни ўзбек эстрадаси юлдузлари ёш беморлар, уларнинг ота-оналари ҳамда шифокорлар учун турли кўнгилочар ўйинларга бой ҳақиқий байрам уюштирадилар.
2 июнь куни “Меҳр нури” жамоат жамғармасининг “Ватаним тарихи” лойиҳаси доирасида Меҳрибонлик уйларининг 40 нафар тарбияланувчилари Самарқандга зиёратга олиб борилади. Акция доирасида болалар учун шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари бўйлаб экскурсиялар уюштирилиб, совға-саломлар топширилади ва байрам дастурхони тузалади.
“Болалик шарафига” ҳайрия бали ўтказилган уч йил мобайнида мамлакатимиз бўйлаб уч мингдан ортиқ Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари кийим-бош, пойабзал, мактаб анжомлари сингарилар билан таъминланди. 2010 йилда ўтказилган Ҳайрия балидан тушган маблағларга Халқаро тинчлик кунига бағишланган қатор ҳайрия тадбирлари уюштирилган, маблағнинг асосий қисми эса Болалар таянч-ҳаракат тизими касалликларига ихтисослаштирилган маркази ҳамда “Қўл билан сўзловчилар” ҳайрия жамғармаси учун ажратилган эди.
Гулнора Каримованинг муаллифлик лойиҳаси - “Болалик шарафига” ҳайрия бали болаларнинг ижодий қобилиятларини кашф этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий-ҳайрия лойиҳаларини ривожлантириш учун маблағ тўплаш каби эзгу мақсадларни кўзда тутади. Бу йил ушбу лойиҳа тўртинчи маротаба ўтказилиб, анъанага кўра, унда болалар учун йўналишлар бўйича бекатлар ташкил этилади ҳамда ҳайрия аукциони ўтказилади.
2010 йил июнь ойида ўтказилиши кўзда тутилган “Кичкинтой” (“Baby”) болалар халқаро турнири мақсади, айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларда болалар ўртасида спортнинг гимнастика турини оммалаштириш, ёш спортчиларни янги марралар сари ундаш, кучли спортчиларни аниқлаш, ёшлар термаси заҳирасини тайёрлаш, халқаро ва маҳаллий ҳудудлар ўртасида дўстлик муносабатларини ўрнатишдир.
Мавзу бўйича янгиликлар
Болалар онкология бўлими реконструкцияси