2011 йил 19 ноябр

17-19 ноябрь кунлари Миллий санъат марказида IX “Bazar-Art” кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Ўзбек халқи ўзининг қадимий амалий санъати билан жаҳонга машҳур. Зеби-зийнатли буюмлар ясаш санъати халқимиз ижодининг энг қадимий турларидан ҳисобланади. Бу нодир халқ бадиий ҳунармандчилиги намуналарини меъморий ёдгорликлар, ганч, ёғоч ўймакорлиги, наққошликда, шунингдек, мисгарлик, заргарлик, кулолчилик, гиламдўзлик, ипак ва ип газламачилиги, зардўзлик, каштачилик ва ўнлаб бошқа амалий санъат турларида ўз намуналарини сақлаб қолган. Бугунги кунда юксак ва ноёб санъат дурдоналари даражасига кўтарилган бу бебаҳо меросимизнинг барча қирралари “Bazar-Art” кўргазма-ярмаркасида намоён бўлмоқда. Йилда икки маротаба мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 150 дан ортиқ уста-ҳунармандлар ўзларининг сара асарларини олиб келадилар. Уларнинг аксарият “Bazar-Art” да ҳар сафар иштирок этишади. Ҳунармандларнинг ўз мижозлари базаси шакллангани ҳам эътиборга молик. Мамлакатимиз аҳолиси ўзига ёққан маҳсулотларни ҳарид қилиш учун ушбу ярмаркани интиқлик билан кутади.
Уста-ҳунармандлар томонидан турли хомашёлардан ўйиб ишланган, нақш туширилган буюмлар, қўл меҳнати асосида ишланган кулолчилик, заргарлик маҳсулотлари мазкур кўргазмадан ўрин олган. Шойию ипак, атласу адрасдан, парча ва беқасам сингари анъанавий ўзбек матоларидан яратилган миллий либослар, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, чиннигарлик буюмлари, заргарлик зеб-зийнатлари, нақшинкор гиламлар, ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари, рассомлик намуналаридан баҳра олиш қаторида уларни ҳарид қилиш мумкин. Кўргазма-ярмарка замонавий ўзбек анъанавий ва амалий санъатидаги ўзгаришлар, унинг ривожланиши тарихини кузатиш, ўрганиш имконини беради. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон ҳақиқий халқ ижодиёти байрамига гувоҳ бўлади.
Бу йили иштирокчилар, санъат ихлосмандлари ва анъанавий санъатимизга бефарқ бўлмаганларнинг барчаси учун кўргазма доирасида маҳорат дарслари ташкил этилди. Дастлабки маҳорат дарси ёғоч ўймакорлиги санъати устаси, сермаҳсул ижод соҳиби, кўплаб шогирдларни етиштирган Ортиқ Файзуллаевдан “Тошкент ёғоч ўймакорлиги мактаби” мавзусида тақдим этилди. 18 ноябрь куни олти авлод алмашган тошкентлик кулоллар сулоласи вакили Алишер Раҳимов лойдан санъат асари даражасидаги буюмлар ясаш маҳоратини намойиш этди. Замонавий электр кулолчилик чархида у кўза ясади, хоразмлик кулол Одилбек Матжонов эса лаганга анъанавий нақш туширди. 19 ноябрь куни каштачилик марказлари ҳисобланган Шаҳрисабз, Бухоро, Нурота ва шофриконлик каштадўзлар иштирокида маҳорат дарси ўтказилди. Ўз маҳсулотлари билан халқ орасида шуҳрат қозонган каштадўзлар йиғилганларга ушбу санъат турининг сир-асрорларини ўратишди. Безак санъатининг гўзал турларидан бири бўлган каштадўзлик машаққатли меҳнат, эътиборли, сабр-тоқатли бўлишни талаб этади. Бундан ташқари бўёқлар, нақшлар танлашда адашмаслик, деталларни бажаришда янглишмаслик лозим.
19 ноябрь куни соат 18:00 да эса ушбу лойиҳа лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Абдулла Шомағрупов, Зулайҳо Бойхонова ва Зиёда каби ўзбек эстрада хонандалари кеча меҳмонларини ўзларининг мусиқий совғалари билан қутлашди.
“Bazar-Art. Куз 2011” кўргазма-ярмаркаси диплом ва совғалари қуйидагиларга насиб эди:
«Ёғоч ўймакорлиги устаси» - Мирсаид Ниғматов, Тошкент
«Анъанавий каштачилик устаси» - Сайёра Ҳакимова, Бухоро
«Анъанавий бадиий гул босиб тушириш санъати (набойка)ни қайта тиклагани учун» - Нилуфар Расулова, Тошкент
«Анъанавий тўқимачилик устаси» - Латиф Садриддинов, Наманган
«Анъаналарни замонавий қиёфаларда сақлагани учун» - Улуғбек Муҳаммадов, Бухоро
Рағбатлантирувчи совринлар соҳиблари:
- академик Ортиқ Файзуллаев, “Тошкент ёғоч ўймакорлиги мактаби анъаналарини сақлаб қолганлиги учун”;
- имконияти чекланган ёш ҳунарманд Жасур Жумаев;
- анъанавий тўқимачилик устаси Лутфия Рўзиева;
- матолар бўйича уста Нурмуҳаммад Валиев;
- ёш хунарманд, Ғиждувон кулолчилик мактаби давомчиси Обиджон Нарзуллаев.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и