2010 йил 9 май

Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси профессор Гулнора Каримова ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хорхе Эспинал Хивада “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали доирасида ўтказилган “Ўзбекистоннинг маданий мероси: ҳаттотлик ва меъморий эпиграфика санъати” илмий анжуманини очиқ деб эълон қилишди. Анжуман Фонд Форумнинг қатор ноёб тадқиқот лойиҳаларига бағишланди. Улардан бири – фундаментал меҳнат натижаси – “Шарқона ҳаттотлик ва VII-XXI асрлар миниатюра санъати намуналари” китобидир. Китобнинг нашр қилиниши қуйидаги лойиҳаларга қўл очиб берди: илк маротаба Ўзбекистонда ўрта асрларда барпо этилган деярли барча меъморчилик обидаларидаги эпиграфика ёзувларини хозирги ёзувга ўгириш бўйича изланишлар олиб борилди. Шу билан бирга Ўзбекистон археологик ҳаритаси ва Ўзбекистон меъморий ёдгорликлари каталогини яратиш ишлари бошлаб юборилди.
Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг тарихий ва маданий-этнографик мерос соҳасида фаолият юритувчи 100 нафардан ортиқ таниқли олимларини жаҳон тамаддунининг энг қадимий илмий-маънавий маркзларидан бири — Хоразмнинг Маъмун академиясида жамлади. Ушбу лойиҳалар миллий меросни ўрганиш соҳасида янги саҳифани очади, десак муболаға бўлмайди. Меросни бир тизимга тушириш ва каталоглаштириш сингари бундай изланишлар илк мартаба олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш керак. Ўзбекистон археологик ҳаритаси илмий аҳамиятдан ташқари, катта амалий қимматга ҳам эгадир. Боиси қадимий обидаларни сақлаб қолиш ва уларни келгусида ўрганиш бўйича илмий асосни хозирлаб беради. Эпиграфик ёзувларга келадиган бўлсак, улар ислом давра маданий меросини ўрганишда катта аҳамият касб этади.
Анжуманда тақдим этилган “Шарқона ҳаттотлик ва VII-XXI асрлар миниатюра санъати намуналари” китоби сўфийликнинг “Нақшбандия” тариқати асосчиси Хожа Бахоуддин Нақшбанд таваллудининг 690-йиллигига бағишланган. Ушбу тўплам китоб асосчиси, сулолавий ҳаттот, Мир-Араб мадрасаси муаллими, Ўзбекистон мусулмонлари бошқармаси Бухоро вилояти бўлими вакили Абдулғофур Раззоқ Бухорийнинг шахсий тўпламидаги материалларидан ташкил топган. Шунингдек, ишчилар гуруҳи таркибидан қуйидаги таниқли арбоб ва олимлар жой эгаллашган: академик, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов, академик, Ўзбекистон халқ рассоми, миниатюрачи Шомаҳмуд Муҳаммаджонов, тадқиқотчи Комилжон Раҳимов, Қоҳира Араб ҳаттотлиги академияси профессори Аус Алансари. Альбом тўққизта бўлимдан иборат бўлиб, унда ҳаттотлик, шарқона шеърият ва санъат асарлари, обидалар ва тарихий ёдгорликларга туширилган ҳаттотлик нақшларининг турли йўналишларини қамраб олган. Қуръони Карим учун махсус ишланган бадиий безаклар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар нақш услублари, хаттотлик йўналишларининг ўзига хослиги, ички гўзаллик ва юксак даражадаги маънавий бойлиги билан ажралиб туради. Альбомда келтирилган китоб миниатюраси намуналари ҳам бирдек қимматга эгадир.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Фонд Форум томонидан ушбу йўналишда бугунги кунгача амалга оширилган ишлар, бу – жамғарманинг мутахассислар иштирокида ўтказишни кўзлаган улкан тадқиқот ишларининг бир қисмигина бўлиб, улар бир неча асрлар оша бизгача етиб келган бой ўзбек маданиятини оммалаштириш ва чуқур тушунишни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Мавзу бўйича янгиликлар
“Асрлар Садоси-2011”: биринчи кун туҳфалари