2009 йил 3 май

Май ойининг илк дам олиш кунлари Фонд Форум ва ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль ҳар йили мамлакатимизнинг турли тарихий аҳамиятга молик ҳудудларида ўтказилади.
Бу йили Тошкентнинг 2200 йиллигига бағишланган Фестиваль Тошкент вилоятининг Оққўрғон ва Бўстонлик туманларида ўтказилди. «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивали яна бир бор мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос бўлган анъаналар, удумлар ва маданиятни ўзида жам этди.
Фестивалнинг илк куни 1 майда шаҳримизнинг «Ёшлар ижод саройи»да атоқли олим, тарихчи, дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ўнлаб илмий ишлар муаллифи, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Эдвард Васильевич Ртвеладзенинг «Ўрта Осиё тамаддуни, давлатлари ва маданияти» номли китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Китоб Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар ва уларнинг ривожланиш тарихи, маданият ва динларнинг ўзаро таъсири мавзусига бағишланган.
2 май куни Оққўрғон туманида жойлашган, қадимда Тошкент воҳасининг энг йирик марказиларидан бири бўлган Қанҳа шаҳарчасида археологлар Геннадий Богомолов ва Юрий Буряковларнинг маҳорат-дарслари ўтказилди. Шу куни қадимий шаҳарча, нафақат археологлар ва тарихчилар, балки «Асрлар садоси» «карвонига» қўшилган барча меҳмонлар учун ўз сир-асрорларини очди.
Маърузалар ўз ниҳоясига етганидан сўнг меҳмонлар ва маҳорат-дарслари иштирокчилари халк сайллари авжида бўлган Бўстонлиқ туманига йул олишди. Табиат қўйнида, май ойининг ҳароратидан баҳра олаётган кўм-кўк тепаликлар ястанган майдоннинг бир қисмида миттигина шаҳарча вужудга келган, кичик айвончалар, ўтовлар, тапчанлардан иборат ушбу шаҳарчада мамлакатимизнинг барча вилоятларига хос бўлган амалий санъат наъмуналари, халк ижоди маҳсуллари, ўзбек маданиятининг ўзига хос қирралари билан яқиндан танишиш мумкин эди.
Меҳмонлар фольклор жамоалари чиқишлари ўтаётган майдонда, хўроз жанги, қўчқор жанги, дорбозлар чиқиши, масхарабозлар намойишлари ўтаётган жойларнинг барчасини кузатишга аранг улгуришарди. Мамлакатимизнинг энг яхши ошпазлари эса палов, кабоб, халим, сумалак каби байрамона миллий таомлар тайёрлашни қойиллатишди. Миллий либослар намойиши эса меҳмонларни ўз таровати, гўзаллиги ва нафосати билан жалб этди.
Фестивалга 15 минг нафар меҳмон ташриф буюрди. Улар орасида Россия, Франция, АҚШ, Туркия, Корея, Италия, Япония, Швейцария, Австрия каби давлатлардан 100 нафардан ортиқ маданият ва санъат арбоблари, олим ва тадқиқотчилар, нуфузли халкаро ОАВ вакиллари, дипломатик корпус ва халкаро ташкилотлар ҳодимлари бор эди.
Мавзу бўйича янгиликлар
“Асрлар Садоси-2011”: биринчи кун туҳфалари