2011 йил 24 октябр

Art Week Style.uz-2011 санъат афталигининг иккинчи куни томошабинларга 10 дан ортиқ кутилмаган тадбирларни ҳадя этди. Кўргазмалар, мода намойишлари, дунё кино юлдузлари билан учрашув ва пойтахтимизнинг қўшиқ шинавандалари учун энг яхши туҳфа — италиялик афсонавий бастакор Эннио Морриконе концерти шулар жумласидан.
Ҳафталикнинг иккинчи куни анъанавий ўзбек санъати, мода ва дизайн кўргазмаси билан очилди. Кўргазма Ёшлар ижод саройининг икки қаватидан жой олган бўлиб, биринчи қаватда йиғилганлар мамлакатимиз амалий-безак санъатининг моҳир усталари томонидан ишланган ижодий асарлар экспозицияси билан танишди. Иккинчи қаватда эса таниқли жаҳон брендлари ўзларининг мода ва дизайн соҳасидаги янгиликларини тақдим этишди. Анъанавий санъат кўргазмасида “IJOD” Ўзбекистон рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари уюшмасининг турли авлод ҳамда мамлакатимизнинг бир қанча ҳунармандчилик марказлари вакилларининг ижодий ишлари намойишга қўйилди. Шунингдек, бу ерда бетакрор каштачилик, кулолчилик, гиламдўзлик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, локли миниатюра, ноёб заргарлик намуналарига ҳам гувоҳ бўлишди. Замонавий амалий санъат усталарининг ишлари ўзбек халқи миллий меросининг хилма-хиллигидан, ўтган давр мобайнида йўқолиб кетган ҳунармандчиликнинг уйғонаётгани ҳамда мустақиллик даврида қайта тикланаётганидан далолат беради.
Шу куни Ёшлар ижод саройида Корея Республикаси Кимюн университети мода коллежи талабаларининг мумтоз оқ-қора ранглардан иборат дизайнерлик ишлари кўргазмаси ташкил қилинди. Кўргазма давомида мазкур давлат мода саноати ривожини ўзида акс эттирган бир қанча лойиҳа тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.
Кун ярмида ўз либослар тўпламини мухлислар эътиборига ҳавола этиш шарафи япониялик таниқли дизайнер Камишима Чинамига насиб этди. Миллий санъат марказида бўлиб ўтган дефилега ташриф буюрган меҳмонлар кунчиқар мамлакатнинг истеъдодли вакили яратган ажойиб ижод оламига сайр этишди. Дизайнер қўллари ҳар қандай нозиктаъб ва турли тоифадаги аёлларнинг ҳам бирдек кўнглини топа оладиган либослар яратишга қодир. Ушбу бренднинг бошқалардан ажралиб турувчи томони — тўпламлар яратишда табиий матолардан фойдаланишидир.
Миллий санъат марказида соат 13.00да очилган француз рассоми Александр Клерисс комикслари кўргазмаси санъат ҳафталигига ўзгача шукуҳ берди. Ёш рассомнинг компьютер графикаси, қалам, ручка, мумтоз ёзув қуроли саналмиш перо ёрдамида чизилган самимий кулгуга бой ишларида чуқур фалсафий ва бадиий маъно бор. Ижтимоий мавзуларга кўп мурожаат этувчи Клерисс комиксларида дин билан боғлиқ фалсафий тезислар қаторида кундалик ҳаётнинг биз билган ва билмаган, баъзан эътибор бермаган жиҳатлари, одамлар ўртасидаги муносабатлар — умуман инсон ҳаёти акс этади.
Кун давомида Фонд Форум мажлислар залида Style.uz-2011 санъат ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган жаҳон кинематографияси намоёндалари иштирокидаги блиц-брифинг ўзбек киноси тарихида муҳим ҳодисалардан бири бўлди. “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми ҳайъат аъзолари, шунингдек, ҳафталик ва кинофорумнинг ҳурматли меҳмонлари — режиссёрлар Егор Кончаловский, Павел Лунгин, Сергей Соловьев (Россия), Лео Хасин (Германия), Шахрам Мокри (Эрон), актёрлар Валерий Баринов (Россия), Ингеборга Дапкунайте (Литва), Матиас Хьюз (АҚШ), Ирен Виседо (Испания), телебошловчи Сергей Шолохов (Россия) кабилар йиғилган журналистлар, иқтидорли ёшлар, ижодкорлар билан мулоқотга киришди.
Қизғин ўтган учрашув давомида залга тўпланганлар жаҳон кино юлдузлари, ажойиб актёр ва таниқли киношуносларга ўзларини қизиқтирган саволларни беришга ошиқишди. Томошабин залидан янграган саволлар орасида чуқур ижодий, соҳага оид саволлардан тортиб, умумий мавзулар, ҳатто шахсий саволлар ҳам бўлди.
Art Week Style.uz-2011 доирасида бўлиб ўтган Италиянинг BILLIONAIRE бренди 2011-2012 йиллар куз-қиш мавсумига мўлжалланган эркаклар либоси намойиши энг талабчан, таъби нозик томошабинларни ҳам бефарқ қолдирмади. Чармдан ишланган устки кийимлар, либосга ўзгача кўрк берувчи мўйналар, геометрик бичимда тикилган свитер ва чарм қўлқоп рангига монанд танланган оёқ кийимлар замонавий, муваффақиятли эркак образини яратади.
Ҳафталикнинг энг ранг-баранг, кутилмаган ва янгиликка бой тадбирларидан бири бўлган Underground доирасидва мамлакатимиз ёш дизайнерларининг янги ижод намуналари тақдим этилди. Унда Ёшлар ижод саройи саҳнасида бир-бирига қиёслаб бўлмайдиган 20 хил ёшларбоп либослар тўплами намойиш этилди. Ёш дизайнерлар классик камзуллар ва енгил шифон кофталар билан мос тушувчи галифе-шимга асосий урғу бериб, унинг ўнлаб хил ва турини яратишди.
Бунақаси яна такрор бўлармикан? Машҳур композитор Эннио Морриконенинг Тошкентдаги ягона концерти Art Week Style.uz-2011нинг иккинчи куни ниҳоясида бўлиб ўтди. Дирижёр маэстро Эннио Морриконе бошчилигидаги Roma Sinfonietta оркестрининг 150дан ортиқ мусиқачиси пойтахтимизга ташриф буюриб, икки соатлик унутилмас концерт дастурини туҳфа этишди. Оркестр “Кунларнинг бирида Ёввойи Ғарбда”, “Пианиночи ҳақида афсона”, “Яхши, ёмон, баджаҳл”, “Миссия” сингари оммабоп фильмларга ишланган саундтрекларни ижро этди. Концертга 50 фоиз чипта мамлакатимиз иқтидорли ёшларига бепул тақдим этилди. Унинг концертида бўлиш қатор ёш истеъдод эгалари учун кейинги ижодий ишлари ва интилишларида ўзига хос туртки ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас. Бу молиявий имконияти чекланган истеъдодли ёшлар учун касбий чўққилар сари интилиш, жаҳон тажрибасини ўрганиш имкониятидир.
Франциянинг машҳур Yves Saint Laurent модалар уйи 2011/2012 йилларнинг куз-қиш мавсумига бағишланган тўпламини пойтахтимизда илк маротаба “Radisson SAS" меҳмонхонасида тақдим этди. Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталигининг иккинчи кунини якунлаган намойиш ҳақиқий аншлагга айланди. Мода оламида бурилиш ясаган ушбу брендни кенг жамоатчилик, мода саноати мутахассислари давомли олқишлар билан қарши олишди. YSLнинг ўзига хос ва мос услубда яратилган 25 хил бетакрор бичимли либослари киши эътиборини тортади. YSLнинг жиддий, аммо латиф, нозик образларини тўлдириб турган аксессуарлар ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ. Таниқли мода уйининг ҳам ҳашаматли, ҳам бежирим либослари катта ва кичик жанрлар мутаносиблиги асосига қурилган. Yves Saint Laurent – ҳеч нарсаси ортиқча бўлмаган француз услубининг ҳақиқий намунасидир.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и