2010 йил 10 октябр

Кўргазмалар ўз йўлига-ю, аммо подиумлар ҳам назардан четда қолаётгани йўқ. Ҳафталикнинг иккинчи куни бирйўла тўртта ажойиб тақдимот бўлиб ўтди. Испаниянинг машҳур икки бренди: АГАТА РУИЗ ДЕ ЛЯ ПРАДА ва ЛЕМОНЬЕЗ, япон дизайнери Чисато Цумори ҳамда UNDERGROUND ёш дизайнерлар намойиши оммага тақдим этилди. UNDERGROUND Style.uz ҳафталиги муаллифи Гулнора Каримова ғояси билан ташкил этилган бўлиб, унда ҳар йили ўзига хос, танилиб улгурган ёки бошловчи дизайнерлар ўзаро куч синашади. UNDERGROUND лойиҳасининг муҳим жиҳати шундаки, ўтган йилларда унда қатнашган бошловчи дизайнерлар бугунги кунда яна ҳам каттароқ саҳналарда дадил қадам ташламоқдалар.
Underground Style.uz ҳафталигининг энг ёрқин ва серқирра намойишларидан бири бўлиб, ёш либос усталари ўзларининг бетакрор услублари, ўзига хос ижод намуналари билан йиғилганларни ҳайрат ва ҳаяжонга соладилар. Бу йилга ушбу дефиледа аёлларга хос назокат, эркакча шиддаткорлик, бир оз шўхлик ва эркалик каби жиҳатларни кузатиш мумкин. Гули Раззоқова ва Лилия Полюниналар яратган ҳилпираб турган либослар ва бурмалар тўлқини намойиш саҳнасини тўлдирган бўлса, кўк ва оқ тусдаги ёрқин йўл-йўл либослар муаллифи «UMI» денгиз мавзусидаги ишлари билан уларга ҳамоҳанг бўлди.
«Kanishka» ва Лидия Андре тўпламларида эркаклар қатъиятлиги аниқ ифодаланган бўлиб, ҳар икки намойишнинг охирида тақдим қилинган оқиш-кулранг мўйнали манто ва бошдан оёк кумушранг безаклар билан бойитилган костюм энг кўп олқиш олди. Ёш дизайнерларнинг намойиши, албатта, ёшларга аталган либосларсиз ўтмаслиги табиий. Таисия Чурсина, Лариса Белая, Надя Ким ва яна бир қанча дизайнерларнинг тўпламлари ушбу йўналишга бағишланди. Ёш либос усталарининг чегара билмас ижодкорлигига қарамай, кўпгина либосларни шаҳар шароитига тадбиқ этса бўлади. Намойишларни япон дизайнери Наоши Саваянаги либослар тўплами билан якунлади. Ўзи ҳам яқиндагина бошловчи дизайнер бўлган Саваянаги тақдимоти ўзидан аввалги ёшлар чиқишларининг мантиқий давоми бўлди дейиш мумкин. Унинг мисолида иқтидорли, асл ижодкорлар қандай ютуқларга эришиши мумкинлигини яққол кўриш мумкин.
Япон дизайнери Чисато Цуморининг либослар тўпламини кўрганлар саёҳат қилгандай бўлдилар, десак янглишмаймиз. Тўпламда турли-туман халқларнинг либосларидан андозалар бор. Шу билан бирга Ўрта ер денгизи халқларининг либосларида шарқона безакларнинг бўлиши диққатга сазовор. Чисатонинг ўзи таъкидашича, у янги маданият қирраларини жон деб қабул қилади.
Испаниянинг кўзга кўринган брендларидан бири Агата Луиз Де Ла Праданинг либослар намойиши ёрқин ранглар ва қувноқ деталларга бой бўлди. Либослардаги бир-бирига зид бўлган мовий, пушти, қизил, сариқ, яшил, зарғалдоқ, алвон ранглар, шунингдек, ўзига хос безаклар ва геометрик шакллар, айниқса, ёшлар аудиториясини ўзига жалб этди. Ҳатто, моделлар бошидаги оддий шиша идишлар ҳам модага мувофиқ ва ҳашамдор кўринади. Баланд платформа-пошнали ёрқин пойафзаллар эса тўпламни янада тўлдирди.
Агатанинг ватандоши Фернандо Лемоньез эса кечаларга аталган ҳамда кундалик ҳаётда кийишга мўлжалланган либослар тўплами билан ҳаммани лол қолдирди. Де Ла Прада хоним ёрқин ранглару бир-бирига зид услубий бирикмалар борасидаги тажрибаларини намойиш этган бўлса, Лемоньез тақдим этган либослар бир қадар босиқ, қатъийлиги ва ранглар жиҳатидан мумтоз услубга мойиллиги билан ажралиб турди. Кўйлаклар асосан феруза, сутранг, кумушранг, жигарранг ва қора тусларда бўлиб, тўпламга яна кулранг ва жигарранг тусдаги мўйналардан тикилган пўстинлар ҳам киритилган. Ҳар икки дизайнернинг ишлари биргаликда тақдим этилгани учун Агата ва Фернандонинг услублари ўзига хос ҳиссий бўёқларда жонланди. Лемонез яратган либослар бир тўкис орол бўлса, унинг атрофида Де Ла Праданинг ранг-баранг тўлқинлари бош кўтаргандай бўлди гўё.
Мавзу бўйича янгиликлар
Art Week Style.uz-2010 – оламнинг “бешинчи ўлчам”и